Яккасаройдаги қурилиши тугалланмаган кўп қаватли бинода ёнғин юз берди

Бугун, 17 июль куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган қурилиши ҳали тўлиқ якунланмаган кўп қаватли бинода ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, соат 17:45 да Тошкент шаҳар ФВББга Бошлиқ 1-даҳаси ҳудудидаги қурилиши тугалланмаган бинодан тутун чиқаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Шундан сўнг ёнғин-қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига йўл олган.
Мутахассисларнинг тезкор ҳаракати натижасида ёнғин қисқа вақт ичида қуршаб олиниб, соат 18:00 га келиб тўлиқ бартараф этилди. Ёнғиннинг бошқа ҳудудларга тарқалишига йўл қўйилмади.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда етказилган моддий зарар миқдорини аниқлаш бўйича тегишли мутахассислар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






























Изоҳлар 0
…