Истанбулдаги фожиа: 6 ёшли ўзбекистонлик бола ҳалок бўлди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида содир бўлган аянчли бахтсиз ҳодиса оқибатида 6 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳаётдан кўз юмди. Мудҳиш воқеа шаҳарнинг энг гавжум нуқталаридан бири саналган Фотиҳ туманидаги Лалели трамвай бекатида рўй берган.
Маълум қилинишича, вояга етмаган бола ота-онаси ва яқинлари билан сайёҳлик мақсадида Туркияга келган бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, у трамвайдан тушганидан сўнг транспорт воситаси билан бекат оралиғида қисилиб қолган. Трамвай ҳаракатни давом эттириши натижасида бола оғир тан жароҳатлари олган ва воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда ҳодиса юзасидан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Воқеанинг аниқ сабаблари ва барча тафсилотлари ўрганилмоқда.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, зарур консуллик ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.
Шу билан бирга, консулхона хорижда бўлиб турган ватандошларни, айниқса, йирик шаҳарларда жамоат транспортидан фойдаланиш вақтида фарзандлар хавфсизлигига жиддий эътибор қаратишга чақирди. Мутахассислар серқатнов ҳудудларда болаларни назоратсиз қолдирмаслик муҳим эканини таъкидламоқда.





























Изоҳлар 0
…