Тошкент метросида поезд тўхтаб қолди: Йўловчилар шошилинч туширилди

9 июль куни кечқурун Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишида техник носозлик сабабли поездлар ҳаракатида қисқа муддатли узилиш кузатилди. Ҳодиса оқибатида носоз поезддаги йўловчилар хавфсизлик талабларига мувофиқ вагонлардан туширилди.
«Тошкент метрополитени» маълумотига кўра, воқеа соат тахминан 20:02 да «Халқлар дўстлиги» ва «Пахтакор» бекатлари оралиғида содир бўлган. Ҳаракатланаётган поездда техник носозлик аниқлангач, хавфсизлик чоралари зудлик билан амалга оширилди.
Қайд этилишича, носозлик 1985 йилда ишлаб чиқарилган 16-сонли эски турдаги ҳаракат таркибида юзага келган. Йўриқнома талабларига мувофиқ, поезддаги барча йўловчилар хавфсиз тарзда туширилиб, носоз таркиб ортидан келаётган бошқа поезд ёрдамида техник кўрик ҳудудига олиб кетилган.
Ушбу ҳолат сабаб Чилонзор йўналишида поездлар ҳаракати тахминан 8 дақиқага кечиккан. Кейинчалик носозлик бартараф этилиб, барча йўналишларда қатнов одатий жадвал асосида тикланган.
Метрополитен маъмурияти юзага келган вақтинчалик ноқулайлик учун йўловчилардан узр сўраб, ҳаракат хавфсизлиги ҳар доим устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 март куни ҳам Тошкент метросида 1984 йилда ишлаб чиқарилган поездда техник носозлик кузатилган эди. Ўшанда ҳам йўловчилар хавфсиз тарзда туширилган, метро маъмурияти эса ижтимоий тармоқларда тарқалган поездлар тўқнашуви ҳақидаги хабарларни рад этганди.






























Изоҳлар 0
…