Абдулла Ориповнинг акаси Абдураззоқ Орипов вафот этди

15 июль куни Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг акаси Абдураззоқ Орипов вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, марҳумнинг жаноза намози бугун соат 08:00 да Қарши шаҳрининг “Самарқанд” маҳалласи, Янги тонг кўчаси, 23-уй манзилида ўқилди.
Абдураззоқ Орипов узоқ йиллар давомида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Ўсимликшунослик ва ем-хашак етиштириш кафедрасида профессор сифатида самарали фаолият юритган. У илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган таниқли олимлардан бири сифатида эътироф этилган.
Марҳум Ўзбекистоннинг буюк адабиёт намояндаларидан бири, Ўзбекистон Қаҳрамони ва Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг акаси эди. Абдулла Орипов ўзбек адабиётига улкан ҳисса қўшган ижодкор бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси матни муаллифи сифатида ҳам кенг танилган. Унинг "Муножот", "Соҳибқирон", "Ҳаж дафтари" каби асарлари миллий адабиётимизнинг нодир дурдоналари қаторидан жой олган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, унинг хотираси ҳамиша эҳтиром билан ёдга олинишини таъкидлади.






























Изоҳлар 0
…