Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси, маънавий қадриятлари, фан ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлари билан инсоният тамаддунига беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Мустақиллик йилларида ушбу маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, миллий анъана ва қадриятларни давом эттириш учун давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилмоқда. Хўш, жойларда ушбу имкониятлардан тўлақонли, оқилона фойдалана олаяпмизми, деган саволга жавоб излаб, Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда Самарқанд вилояти, Нуробот тумани, Оқсой қишлоғида жойлашган “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳига йўл олди. Ўзбекистон «Адолат» СДП Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати, Самарқанд вилоят истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти бирлашмаси раиси Инобат Ҳасанова мазкур ташриф давомида олган таассуротлари билан ўртоқлашди.
“Зиёратгоҳ тоғли ҳудудда жойлашганлиги сабабли, зиёратчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Оқсой» қишлоғига киришда автомобилларнинг сақлаш жойи ташкил этилган бўлиб, ташриф куни автотураргоҳларнинг юқори қисмида 150 та ва пастки қисмида эса 300 тадан зиёд машина турганлиги, ҳар бир автомашина учун 2000 дан 5000 сўмгача пул олаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Мазкур автотураргоҳлар “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳи раҳбари Ф.Давроновга тегишли эканлиги ва унинг ака-укалари бошқариши маълум бўлди. Бундан ташқари, автотураргоҳдан зиёратгоҳгача бўлган масофага фуқароларни ташиш учун “Оқсой транс бизнес” МЧЖга тегишли бўлган 28 та “Дамас” русумли автомашиналар ҳар бир фуқародан 1500 сўмдан, қўл юклари учун ҳам 500 сўмдан маблағ олаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу эътирозга ойдинлик киритиш мақсадида автотураргоҳдан зиёратгоҳгача бўлган масофани ўрганиб чиқдик. Зиёратгоҳгача бўлган масофа бор йўғи 1700 метр эканлиги аниқ бўлди. Ушбу масофа учун “Оқсой транс бизнес” МЧЖ томонидан белгиланган кунлик тўлов эса битта “Дамас” машинаси ҳайдовчисига 28000 сўм қилиб белгиланган.
Ҳайдовчилардан бирини суҳбатга жалб этдик. Ҳайдовчи Ф.Дониев эрталаб соат 10-00 гача олти марта зиёратгоҳга йўловчи ташиганини билдирди. Демак, бу ҳайдовчининг олти маротаба масканга бориб қайтиб келиши маблағи ҳисобланганда шу куни фақат соат 10-00 гача ишлаган маблағи 126.000 сўм бўлганлиги ишчи гуруҳи томонидан ҳисоблаб чиқилди. Шу биргина ҳисоб-китобнинг ўзи ҳам “Оқсой транс бизнес” МЧЖ томонидан кунлик тўловнинг нотўғри қўйилганлигини исботлайди. Чунки бу ҳайдовчи кечгача яна 15-20 мартагача қатнаши мумкин. “Дамас” ҳайдовчиси кунлик тўловидан ташқари ҳеч қаерга маблағ тўламаслигини билдирди. Лицензия талаблари назоратини эса Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорт агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси олиб боради.
Ишчи гуруҳи аъзолари билан йўлимизда давом этиб, зиёратгоҳ томон илдамладик. Зиёратгоҳнинг асосий кириш дарвозасига етгач, катта ёшдагилардан 1000 сўм, талабалардан 800 сўм, болалардан 500 сўм, чет эллик сайёҳлардан эса 5 АҚШ доллари миқдорида чипта сотилаяпти. Зиёратгоҳ Самарқанд вилоят давлат бирлашган тарихий меъморий ва бадиий музей қўриқхонасига тегишли бўлиб, жуда катта бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Зиёратчиларнинг дам олишлари, зиёрат қилишлари учун муайян шароитлар яратилган. Лекин шу билан биргаликда, тоғ тепасидаги масжид ва ғор ичидаги аҳвол санитария гигиена талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Зиёратгоҳнинг кириш жойида К.Шарипов исмли шахс Қуръон оятларидан тиловат қилаётганлиги, фуқаролар тиловатни тинглаганидан сўнг хайр-эҳсон учун пул чиқариб қутига ташлашлари, шундан сўнг зиёратгоҳга ўтишлари ташкил этилганлиги маълум бўлди. Ишчи гуруҳи аъзоси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоят вакили З.Эшонқулов К.Шарипов билан суҳбатлашганида Қуръондан билими йўқлиги ва тиловатдан тушаётган пулларни ўзлаштираётганлиги аниқланди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ғор ичига кирганида ўзини экскурсавод (ГИД) деб таништирган З.Исрофилов зиёратгоҳнинг тарихи, унинг келиб чиқиши тўғрисида зиёратчиларга тушунтириш ўрнига, ғор ичида Қуръон тиловат қилиб, ушбу тиловати учун пул йиғаётганлигининг гувоҳи бўлдик.
Шу билан бир қаторда ишчи гуруҳи аъзолари зиёратгоҳ ҳудудидаги барча хизмат кўрсатувчи шохобчаларни бирма-бир санаб чиқишди. Жумладан, зиёратгоҳда 12 та ошхона, 3 та сомсахона, 11 та дўкон ва 53 та пештахтада ноқонуний савдо қилувчилар, тоққа чиқиш йўлаклари ва тепа қисмида чамаси 100 дан ортиқ дўкон ва пештахтада савдо қилувчилар, 7 та хожатхона фаолият юритаётганлиги аниқланди. Шулардан бирортасида ҳам касса аппарати йўқ, тўлов терминали ўрнатмасдан, банкдан ҳисоб-рақам очмасдан, банкга нақд пул топширмасдан фаолиятини амалга ошириб келаётганлиги маълум бўлди.
Бу ҳақда шу ҳудудга бириктирилган туман солиқ идораси ходими Ғ.Бўтаев “Бунча жойни бир ўзим бошқара олмайман”, дейишдан нарига ўтмади. Шулардан қарийб 80 фоиз савдо шохобчаси давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик қилиш билан шуғулланмоқда. Давлат руйхатидан ўтган айрим тадбиркорлар ҳужжатида эса фақатгина овқат тайёрлаш ваколати берилган, холос. Бироқ шунга қарамай ушбу тадбиркорлар 20-30та чорпояни фуқароларга ижарага бериб, мўмай даромад кўриш билан шуғулланишмоқда.
Фуқароларнинг маълумот беришларича дам олиш жойларида ҳар бир фуқародан 5000 дан 15000 сўмгача ижара ҳақи олинмоқда. Ошхоналарда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилмаган. Мол, қўй сўйиладиган қушхоналар санитария гигиена талабларига умуман жавоб бермайди. Ҳар бир сўйилган жонлиқдан бир килограмдан гўшт хизмат ҳақи учун олиб қолинмоқда. Қўй ва паррандалар ветеринария кўригидан ўтказилмаганлиги маълум бўлди. Ҳатто қўй ва паррандалардан чиқадиган иккиламчи маҳсулотларни сақлаш, қон ва бошқа чиқиндиларни ювиш ва тозалаш ишларига ҳам мутлақо аҳамият берилмаган.
Масканда одам ниҳоятда гавжум. Бу ерга бир кунда камида 10 минг одам ташриф буюрар экан. Лекин фуқаролар тепаликка чиқиш ва тушишда йиқилиб тушиб жароҳат олиши, юрак хасталиклари, қон босими кўтарилиши ҳолатлари тез-тез содир бўлиб, тез ёрдам хизматидан фойдалана олмаётганидан шикоят қилишди ва шифохоналарга етказилишида жуда катта қийинчиликларга дуч келаётганлигини айтишди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳида нафақат самарқандликлар, балки республикамизнинг барча вилоятларидан зиёратчилар ташриф буюрадилар. Хорижий меҳмонларнинг, юртимизнинг қадимий қадамжоларига қизиқувчан сайёҳларимизнинг ташрифларини инобатга оладиган бўлсак, юқоридаги қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлар” фаолиятига чек қўйишнинг вақти келмадимикан, деган ҳақли савол туғилади.
Зеро, ҳар бир мамлакатнинг эришган ютуқлари, дунё ҳамжамиятидаги тутган ўрни унинг бой тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари, қутлуғ қадамжолари билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, юртимиздаги ҳар бир қарич ерни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, келажак авлодимизга етказиш бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз керак.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин