22:35 / 22.06.2017
13 529

Рамазонда ресторандаги “беҳаё шоу” операцияси

Рамазонда ресторандаги “беҳаё шоу” операцияси
Куни кеча университетдаги курсдошларимиз билан шаҳримиздаги “Н” ресторанида битирув оқшомимиз бўлиб ўтди. Рўза ойи бўлгани учун уни ифторлик вақтига мўлжалладик. Бу ресторанга илк бор келишимиз эди. У жуда чиройли, миллий қиёфада безатилган, озодалигига-ку гап йўқ. Нарх-навоси ҳам чакки эмас. Жамоа жам деб, мазали таомлардан татиб кўрдик, дийдор ғанимат деб, курсдошлар, гуруҳ раҳбаримиз билан мароқли суҳбат қурдик. Ушбу кунни камера, фотоаппарат ёрдамида тарихга муҳрлашга ҳам улгурдик. Ҳа, назаримизда, ушбу кун биз учун энг унутилмас бўлиши, қизиқарли воқеалар, лаҳзаларга бой бўлиши керак эди. Бир соат ўтар-ўтмас, мураббийимиз кетишга чоғландилар. Биз улар билан хайрлашдик... Ва бироз ўтгач, гуруҳ раҳбаримиз олдинроқ кетганидан хурсанд ҳам бўлдик. Нега дейсизми?

Чунки ресторанда, чамаси, 20:30 ларда шундай шоу ўтказилдики, кўзлар ҳам уят, ҳам ғазабдан қизара бошлади. Йигитларимиз бундай ҳолатни кутмаган чоғи, қизларнинг олдида хижолатли аҳволга тушиб қолишди. Ресторан ичкарисидан бир тўда қизлар ярим-очиқ кийимда чиққанча, ҳар ёнга “чайқаларди”.

Биз тезроқ шоу тугашини кутардик
Аммо шоу борган сари авжига чиқарди. Қизлар янада очиқ “либос”да чиқиб, чунонам рақс тушишардики, қаерда эркак зотини кўрса, ўлжага ташланган ҳайвондек, уларга яқинлашиб, пул беришларини талаб этишарди. Кўз олдимга кўчада тиланчилик қилиб, пул олиш учун кишиларнинг ҳар ёнидан ўтиб, тинчлик бермайдиган лўлилар келди. Афсуски, бу аёл ниқобидаги “раққосалар” улардан ҳам баттар. Улар ўз таналарини “реклама” қилишдек жирканч иш орқасидан кун кўрадиган тиланчилардир.

Хўш, рўза кунлари, нафақат рўза, умуман, бошқа кунларда ҳам бундай томошаларнинг ўтказилиши тўғрими? Албатта, бундан ресторан раҳбарияти манфаатдордир. Уларнинг наздида, шу каби томошалар кўпроқ “одам”ларни жалб қилса керак-да!

Бекорларнинг миллионтасини айтибди улар!
Бундай томошаларсиз ҳам кунига миллионлаб даромад кўраётган ресторанлар шаҳримизнинг ўзида қанчадан-қанча. Бир мижоздан ўртача 40 минг даромад келади деб олсак, кунига ресторанга неча киши киради? Дейлик, кунига ўртача 50-60 нафар. Бу дегани кунига ресторанга 2-3 млн атрофида маблағ тушади дегани. Албатта, бу даромаддан кунлик харажатларни чиқариб ташлаш керак. Хўп, ана боринг, 1 млн.ни кунлик харажат сифатида олиб ташлайлик. Бу харажатга маҳсулотлар, жой ижараси (агар жой сотиб олинмаган бўлса), ишчилар ҳаққи ва яна майда харажатлар киради. Ойига рестораннинг соф даромади 30 млн сўмни ташкил этади. Ресторан керак бўлса, бундан ҳам кўп фойда кўради. Наҳот, шу маблағ ресторан раҳбариятига озлик қилса?!

Шоу “қаҳрамонлари”нинг даромади қанча?
Оддий аҳоли ойига ўртача 800 минг - 1 млн даромад кўраётган бир вақтда, ресторан раҳбарияти миллион-миллион пул топиб ҳам, бундан қаноатланмайди, рўзадорларнинг оғиз очар вақти ресторанда “цирк” томошасини намойиш этади. Хўш, энди шу шоу “қаҳрамонлари”нинг даромадини ҳисоблайлик. Уларнинг сони 15 та деб олсак, кунига улар ҳар бир ташриф буюрувчидан тахминан 10 мингдан даромад кўради, дейлик. Ресторанга келганлар ичида аёллар ҳам бўлади, албатта, бу “қаҳрамонлар” уларнинг олдига бормайди. Биз эркакларни ҳисоблаймиз. Ресторанга келган эркаклар сони кунига ўртача 30 та. Бундан келиб чиқадики, кунига шоучилар ресторанга 300 минг даромад олиб келади. Ойига 9 миллион. Бундан уларнинг ойлиги чиқариб ташлаганда ҳам, ресторан учун қўшимча 3-4 миллион ортиқчалик қилмаса керак. Аммо бу сумма ҳисобланмаса-да, ресторан учун катта йўқотиш бўлмаслиги кундек равшан.

Нега ҳамма жим?
Ресторанга илк бор ташриф буюрган киши, бундай ҳолатдан бехабар бўлиши мумкин. Аммо тез-тез келувчи одамлар-чи? Нега улар бундай ҳолатга бефарқ қарашмоқда? Демак, уларга бундай ҳолат ёқади.

Масаланинг яна бир томони: бундай шоулар бўйича ҳуқуқ-тартибот органларининг хабари борми? Улар ҳам шоудан манфаатдормасмикан? Ахир уларнинг бу сукутлари ортида мўмайгина пул турган бўлиши мумкин-ку. “Еган оғиз уялар” деганларидек, шу нарсагина уларнинг қўлларидан маҳкам тутиб турган бўлса, ажаб эмас.

Гапнинг индаллосини айтганда...
Бундай жойларга ўзини ҳурмат қилган инсон иккинчи бор ташриф буюрмайди. Шундай бўлса-да, биз шу ва шу каби ресторанлардаги беҳаё шоуларнинг кўрсатилишига қарши кураш олиб боришимиз керак. Ресторан раҳбарияти эса бундан хулоса чиқариб, ярим соатлик “томошаси”дан воз кечади, деб ўйлаймиз. Йўқса, ресторан фойдадан зарарга кириб, ёпилиб кетиши ҳеч гап эмас. Ахир, шаҳримизда ўзини ҳурмат қилган кишилар жуда кўп!

Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рамазонда ресторандаги “беҳаё шоу” операцияси