Хитойлик тадбиркор мотоциклда сув устида 40,74 километр йўл босиб, жаҳон рекордини ўрнатди

Хитойлик тадбиркор мотоциклда сув устида 40,74 километр йўл босиб, жаҳон рекордини ўрнатди

Хитойлик тадбиркор ва ZXMOTO мотоцикл компанияси асосчиси Жанг Сюэ махсус мослаштирилган мотоциклда дарё суви устида 40,74 километр масофани босиб ўтиб, Гиннеснинг жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақда Хитойнинг Синьхуа ахборот агентлиги хабар берди.

Ушбу уриниш 25 октябрь куни Хитойнинг Хунань провинциясидаги Хуайхуа шаҳри, Маян-Мяо автоном округи ҳудудида жойлашган Цзинцзян дарёсида амалга оширилди. Жанг Сюэ MX450 русумли мотоциклда очиқ сув ҳавзаси бўйлаб тўхтамасдан ҳаракатланиб, аввалги 31,8 километрлик рекордни янгилади.

Сув устида ҳаракатланиш учун мотоцикл махсус қайта жиҳозланган. Унга сувда сирпаниб ҳаракатланиш имконини берувчи амфибия мосламалари ўрнатилган, ёнилғи баки катталаштирилган ва сув ўтказмайдиган ҳимоя тизими такомиллаштирилган. Мотоциклнинг орқа ғилдирагидаги махсус протекторлар сувни орқага итариб, олдинга ҳаракатланишга ёрдам берган.

Рекордни ўрнатиш жараёнида Гиннеснинг жаҳон рекордлари вакиллари иштирок этган. Масофа GPS маълумотлари, вақт қайдлари ва видеоёзувлар орқали текширилган.

Жанг Сюэнинг сув устида мотоцикл ҳайдашга бўлган уринишлари 2009 йилда бошланган. Ўшанда у бир неча бор ҳаракат қилиб кўрган, бироқ энг узоғи 20 метр масофани босиб ўта олган. 17 йилдан кейин эса у ўз мақсадига эришди.

Жанг Сюэнинг айтишича, бу сафар асосий мақсад тезликни ошириш эмас, балки бутун масофани барқарор ва хавфсиз босиб ўтиш бўлган. Унинг жамоаси мотоциклни тайёрлаш ва синовдан ўтказиш учун бир неча ой давомида иш олиб борган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар