Тошкентда гашишли печенье ва мармелад тайёрланган яширин лаборатория аниқланди

Тошкентда гашишли печенье ва мармелад тайёрланган яширин лаборатория аниқланди

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида гашиш мойи қўшилган ширинликлар тайёрланган яширин нарколаборатория аниқланди. Тезкор тадбир давомида наркотик моддалар савдосига алоқадорликда гумонланган икки нафар фуқаро қўлга олинди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, тезкор тадбир дастлаб Яшнобод туманида интернет орқали фаолият юритган наркодўкон курьерининг қўлга олиниши билан бошланган. Ундан тарқатиш учун мўлжалланган 58 та ўрамдаги 74 грамм гашиш мойи топилган.

Суриштирув давомида у тақиқланган моддаларни мунтазам равишда бошқа бир шахсдан олиб тургани аниқланган. Шундан сўнг тезкор тадбир Чилонзор туманидаги «Дўмбиробод» маҳалласида давом эттирилган. Ижарага олинган хонадонлардан бирида яширин нарколаборатория ташкил этилгани маълум бўлган.

Хонадонни кўздан кечириш жараёнида 3,5 килограмм гашиш мойи, тарқатишга тайёрланган 361 та ўрамдаги 350 грамм гашиш мойи, 600 грамм гашиш ҳамда гашиш мойи аралашмаси аниқланган.

Шунингдек, лабораториядан 1,5 килограмм гашиш мойидан тайёрланган печеньелар, ушбу модда қўшилган тўрт қути мармелад ва гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ҳамда қадоқлашда фойдаланиладиган турли жиҳозлар олиб қўйилган.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, тезкор тадбирлар натижасида жами қарийб 6 килограмм гиёҳвандлик воситаси, яъни 19 250 дозага тенг тақиқланган модда ноқонуний муомаладан олинган.

Ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар