12:40 / 04.07.2017
3 687

Дарига Назарбаева: Ўзбекистон минтақадаги энг ривожланган мамлакатлардан бирига айланиши мумкин

Дарига Назарбаева: Ўзбекистон минтақадаги энг ривожланган мамлакатлардан бирига айланиши мумкин
Ўзбекистон минтақадаги энг ривожланган мамлакатлардан бирига айланиши мумкин. Бу ҳақда Астанада бўлиб ўтган XIV Евроосиё Медиа Форуми давомида Дарига Назарбаева қайд этди. У ушбу форум ташкилий қўмитасининг ҳамда Қозоғистон Парламенти Сенатининг халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик бўйича доимий қўмитасининг раиси ҳисобланади.

Мана 15 йилдирки, Евроосиё Медиа Форуми ўз ташаббуси билан яқин ва узоқ хориж мамлакатларининг етакчи экспертлари, сиёсатчилари, иқтисодчилари, жамоат ва маданият арбобларини ҳозирги замоннинг энг долзарб мавзулари юзасидан очиқ мулоқот қилиш учун бирлаштириб келмоқда.

Нурсултан Назарбаевнинг Медиа Форум иштирокчиларига қаратилган қутлов мурожаатида форумнинг жаҳон контекстидаги аҳамияти қайд этилади. “Бошқа нуқтаи назарларни ҳам ҳурмат қилувчи фақат очиқ мулоқотгина миллионлаб одамларнинг муаммоларни ҳал этиш йўлидаги глобал ишончни тиклашга ёрдам беради. ОАВ ушбу жараённинг етакчилари бўлиши ҳамда эътиборларини халқлар ва мамлакатларни бирлаштиришга жамлашлари зарур. Жаҳон янги ахборот муҳитининг шаклланиш даврига қадам қўйди ва у ўзаро билимлар алмашинувини амалга ошириши учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилишимиз керак”, - дейилади мурожаатда.

Дарига Назарбаева Anhor.uz мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон муҳим қўшни эканини ҳамда икки мамлакат етакчиларининг ўзаро фаол алоқаси муносабатларнинг чуқур ва унумли ривожланиши ҳақида гапиришга асос беришини қайд этди. «Қозоғистонда Ўзбекистондан келадиган товарлар ҳажми сезиларли даражада ошган ва мен «EXPO-2017» да Ўзбекистон стендини бориб кўришни катта қизиқиш билан кутяпман. Ўзбеклар жуда меҳнаткаш ва истеъдодли халқ, агар мамлакатда тадбиркорлар учун янада кўпроқ шароитлар яратилса, Ўзбекистон минтақадаги энг ривожланган мамлакатлардан бирига айланиши мумкин», - таъкидлади Дарига Назарбаева.

Анжуманда дунёнинг геосиёсий қайта тузилиши, хавфсизлик ва рақамли муҳитда барқарор ривожланиш стратегияси масалалари, яшил иқтисодиёт ва келажак энергиясини илгари суриш тенденциялари муҳокама қилинди.

XIV Евроосиё Медиа Форумининг биринчи сессиясида Ўзбекистон делегациясининг иштирокчиларидан бири, Халқаро матбуот-клубининг раиси Шерзод Қудратхўжаев кун тартибига террорчилик манбаи сифатидаги ислом динига стереотип муносабат ҳамда Ғарбнинг Шарқни тушуниши зарурати муаммосини киритиш таклифини билдирди. Дарига Назарбаева ушбу таклифни изоҳлар экан, Евроосиё Медиа Форумига ўхшаш тадбирларнинг ўтказилиши жаҳон учун Марказий Осиё мамлакатларининг салоҳиятини очиш имконини беришини қайд этди.

«Тор фикрлайдиган кўпгина мамлакатлар учун минтақамиз ҳамон кўчманчилар даврида яшамоқда. Форум иштирокчилари одамларимизнинг ривожланиш даражаси, билим савиясини кўрганида, улар ўзлари учун мамлакатларимиз ва минтақамизни янгидан кашф этгандай бўлишади. Медиа Форум мамлакат ва минтақани тушуниш учун яхши кўприк ҳисобланади. Агар шундай форум Ўзбекистонда ўтказилишига қарор қилинса, бу борадаги ўз тажрибамиз билан ўртоқлашишдан мамнун бўлардик», - дейди Назарбаева.

Форум ташкилий қўмитасининг раиси ўзбекистонлик журналистларнинг яна бир нечта саволларига жавоб берди. Хусусан, у қайси каналларга Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларнинг асосий манбаи сифатда қараши ҳақидаги саволга, у асосан Қозоғистон манбаларидан маълумот олишини ва Ўзбекистон ОАВ билан унчалик таниш эмаслигини билдирди. «Очиқлик мамлакат ҳақида кўпроқ билимларни, кўпроқ ишончни беради, бу ўз навбатида умуман туризм ва иқтисодиётни ривожлантириш имконини тақдим этади», - дея қайд этади у.

Шунингдек Дарига Назарбаева 2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги парламентлараро ўзаро алоқалар доирасида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётганини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дарига Назарбаева: Ўзбекистон минтақадаги энг ривожланган мамлакатлардан бирига айланиши мумкин