23:04 / 18.08.2017
5 617

“UTair” авиакомпаниясининг масъулиятсизлиги сабаб ўзбекистонликлар Москвага учиб кета олмади

“UTair” авиакомпаниясининг масъулиятсизлиги сабаб ўзбекистонликлар Москвага учиб кета олмади
17 август куни ижтимоий тармоқлар орқали ўзбекистонлик норози йўловчилар томонидан тасвирга олинган видео тарқалди. Видеода айтилишича, Москва шаҳрига жўнаб кетишлари керак бўлган йўловчилар самолётга чиқарилмаган.

Россиянинг “UTair” авиакомпаниясига тегишли бўлган рейс йўловчиларининг кўп қисми Москвага учиб кета олмаган.

Тахминларга кўра, бунга ортиқча чипта сотилгани сабаб бўлган. Йўловчилар сони кўп бўлганлиги учун уларнинг бир қисми рейсдан қолдирилиб, бошқа кунга парвоз қилиш учун чиптаси алмаштирилган. Йўловчилар компенсация тўланмаганлигидан норози бўлмоқда.

Яна бир тахминга кўра, маълум сабаблар асосида “UTair” авиакомпаниясининг борти кичик бўлган самолёти парвоз учун тайёрланган, натижада йўловчилар сиғмай қолишган.

Видеода қайд этилишича, ёш боласи бор аёллар ҳам рейсдан қолдирилган, улар бошқа куни парвоз қилади. Ўнлаб йўловчиларнинг бундай сарсон бўлиши энг аввало, уларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатди. Бунда компания обрўси ҳам зарар кўриши табиий.

17 августда рўй берган воқеадан сўнг, “UTair” авиакомпанияси 18 август куни расмий сайти орқали Тошкентга парвоз рейсига алоқадор хабарни чоп этди.

Москва шаҳридан Тошкент ва Душанбега учадиган парвозларда “Boeing-737” самолётларидан фойдаланилади. Бу самолётлар кам сиғимли бўлгани учун авиакомпания йўловчиларнинг бир қисмини кейинги парвозга қолдирганлиги ҳақида огоҳлантирди.

Рейслар орасидаги кутиш вақтида йўловчиларга меҳмонхонада яшаш учун шароит яратилади, иссиқ овқат тақдим этилади. Авиакомпания кўп сонли йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун яқин орада қўшимча рейсларни йўлга қўйиши кутилмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза ўйлантириши табиий. Юқорида таъкидлаганимиздек, “UTair” авиакомпанияси 18 август куни йўловчилар учун огоҳлантириш хабари берган. Аэропортда йўловчилар билан боғлиқ нохуш воқеа эса бундан бир кун аввал, яъни 17 августда содир бўлган. Видеодаги лавҳа компаниянинг масъулиятсизлиги сабаб ўнлаб йўловчилар сарсон бўлганлигидан далолат бериб турибди. Одатда, огоҳлантириш олдиндан берилишини ҳаммамиз биламиз. Бу борада эса Россия авиакомпанияси негадир ишини пухта бажармаганини кўриш мумкин.

Истаймизми йўқми, беихтиёр компанияни маҳаллий компания билан солиштириш ҳолати юз беради. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси бугунги кунда йўловчилар хавфсизлиги ва уларнинг қулай парвози талабини бош мақсад қилиб қўйганлигини кўпчилик эътироф этади. Ҳақиқатан ҳам, Миллий авиакомпания хизматидан фойдаланган йўловчилар сифат даражасини ҳар жиҳатдан юқори баҳолайди. Юқоридаги каби фавқулодда ҳолатларда эса “Ўзбекистон ҳаво йўллари” аввалдан огоҳлантириш тақдим этади. Таъкидлаганимиздек, йўловчилар манфаати компания учун биринчи ўринда туради.


Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “UTair” авиакомпаниясининг масъулиятсизлиги сабаб ўзбекистонликлар Москвага учиб кета олмади