date

Ўзбекистонликлар Францияда қонуний ишга жойлашиш имконияти кенгаймоқда

Ўзбекистонликлар Францияда қонуний ишга жойлашиш имконияти кенгаймоқда

Ўзбекистон делегациясининг Францияга амалий ташрифи мамлакат фуқароларини хорижда қонуний ва тизимли равишда иш билан таъминлаш борасида муҳим қадамга айланди. Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Франциядаги дипломатик ваколатхонаси вакилларидан иборат гуруҳ бир қатор йирик келишувларга эришди.

Жумладан, Франциянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги йирик тузилмаларидан бири — FNSEA билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, ўзбекистонликлар Франциядаги узумзорларда мавсумий ишларга жалб этилади. Бу эса меҳнат миграциясини расмийлаштириш ва хавфсиз механизмлар орқали амалга оширишга хизмат қилади.

Маълум қилинишича, 2026 йил ёзидан бошлаб пилот дастур доирасида 50 нафар номзод илк бор Францияга ишга юборилади. Бу тажриба келгусида лойиҳани янада кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, кадрлар танлаш ва иш билан таъминлашга ихтисослашган Sélect Recruiting Service билан ҳам ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ушбу ташкилот номзодларни саралаш, тайёрлаш ва ишга жойлаштириш жараёнларини амалга оширади.

Яна бир муҳим йўналиш сифатида CFA AC Paris билан “таълим ва амалиёт” форматидаги дастур ишга туширилди. Энди ўзбекистонлик ёшлар Францияда ресторан соҳасида ўқиш билан бирга ишлаш имкониятига эга бўлади.

Келишувларни амалга ошириш ва ҳуқуқий-ташкилий масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Франциянинг қатор нуфузли идоралари билан ҳам музокаралар ўтказилди. Улар қаторида France Travail, CCI Île-de-France ҳамда AP-HP каби тузилмалар бор.

Мутахассислар фикрича, ушбу келишувлар нафақат меҳнат миграциясини тартибга солиш, балки ўзбекистонликлар учун Европа меҳнат бозорида янги имкониятлар эшигини очиб беради. Энг муҳими, барча жараёнлар қонуний ва шаффоф тарзда амалга оширилиши орқали фуқаролар манфаатлари ҳимоя қилинади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонликлар Францияда қонуний ишга жойлашиш имконияти кенгаймоқда