14:00 / 18.01.2018
10 334

Ислом Каримовнинг 80 йиллик юбилейига тайёргарликни шахсан Президент назорат қилмоқда

Ислом Каримовнинг 80 йиллик юбилейига тайёргарликни шахсан Президент назорат қилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кеча, 17 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича тайёргарлик ишларини самарали олиб бориш ва ушбу санани ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, видеоконференция алоқа тизими орқали вилоят ҳокимлари, олий ўқув юртлари ректорлари, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда фаоллари иштирок этди, деб ёзмоқда ЎзА.

Маълумки, шу йил 30 январь куни мустақил давлатимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрда қабул қилинган қарори асосида мамлакатда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов мақбара мажмуаси, Қарши шаҳрида эса Биринчи Президентимиз хотирасига бағишлаб ҳайкал бунёд этилмоқда.

Шу билан бирга, Ислом Каримовнинг ғоят серқирра ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб этиш бўйича кўплаб маданий-маърифий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан айни шу мавзуга бағишланган ҳужжатли фильм суратга олинмоқда. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан бир қанча илмий-оммабоп китоблар, жумладан, Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари нашр этилмоқда. Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом Каримов хайрия жамоат фонди томонидан ҳам бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Шунингдек, март ойида Самарқанд шаҳрида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб халқаро илмий конференция ўтказиш ва бошқа муҳим тадбирлар бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

“Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг Президент сифатидаги бутун ҳаёти ва фаолиятини юртимизда янги давлат, янги жамият барпо этиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ўзбек номини, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этишдек улуғ мақсадга бағишлади. Халқимиз мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилган улкан ўзгаришларни ҳақли равишда Биринчи Президентимиз номи билан боғлайди”, деб таъкидлади давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев.

Шунинг учун ҳам бу тарихий санани ҳар томонлама юксак даражада ўтказиш бизнинг ўз тарихимизга, мустақиллигимизга бўлган ҳурматимизни, халқ, миллат сифатидаги маданиятимиз ва маънавиятимизни намоён этиши, айнан шунга қараб дунё жамоатчилиги бизга баҳо беришига йиғилишда алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими, бундай қутлуғ саналар ўз тарихимиз, миллий ўзлигимизни англашга, халқимиз, айниқса, ёшларимизни эл-юртимизга бутун борлиғини бериб, фидойилик кўрсатиб яшаган улуғ инсонларнинг ибратли фаолиятига ҳар томонлама муносиб этиб, уларнинг эзгу фазилатлари руҳида тарбиялашга хизмат қилиши қайд этилди.

Йиғилишда Бош вазир, юбилей ташкилий қўмитасининг раиси А.Арипов, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Т.Ширинов, Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев, Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев, Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров, Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязовнинг ҳисоботлари эшитилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 80 йиллик юбилейига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар чуқур таҳлил қилиниб, асосий юбилей тадбирларини юксак даражада ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Юбилей кунларида барча таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, нуронийлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида Биринчи Президентимиз хотирасига бағишланган учрашувларни мазмунли ва юқори савияда, таъсирчан руҳда, аниқ ҳаётий мисоллар асосида ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

“Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ барча маросим ва тадбирларни Биринчи Президентимизнинг Ватанимиз олдидаги унутилмас хизматларига ҳар томонлама муносиб ҳолда ўтказиш бизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”, деб таъкидлади давлат раҳбари.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ислом Каримовнинг 80 йиллик юбилейига тайёргарликни шахсан Президент назорат қилмоқда