23:27 / 26.01.2018
6 015

Ўзбекистон фуқароларининг "Ҳаж"га юборилиш тартиби

Ўзбекистон фуқароларининг "Ҳаж"га юборилиш тартиби
Ҳажга юборилиш тартиби қандай? У қайси ҳуқуқий ҳужжатлар орқали тартибга солинади? Бу масалага Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида батафсил тўхталиб ўтилган.

«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш Ҳукуматнинг 2017 йил 7 июндаги 364-сон қарори билан тасдиқланган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом билан тартибга солинади.

«Ҳаж» тадбири Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида амалга оширилади.

«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ маълумотлар (фуқароларнинг ҳаж ва умра сафарларига навбати, сафар учун ажратилган ўринлар, тўловларнинг миқдори ва бошқалар) мунтазам равишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий веб-сайтида (muslim.uz) эълон қилиб борилади.

«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига бориш учун талабгор доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза ҳамда паспорти нусхасини тақдим этиши лозим.

Ариза уларнинг доимий яшаш жойларидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан йил давомида қабул қилиниб, навбатга қўйиб борилади.

«Ҳаж» тадбирига боришга навбатга қўйиладиган номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
- номзод моддий ва жисмоний жиҳатдан «Ҳаж» тадбирига қодир бўлиши;
- «Ҳаж» амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши;
- номзод маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши;
- оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши;
- йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши.

Бундан ташқари «Ҳаж» тадбирига бормоқчи бўлган фуқаро:
- «Ҳаж» тадбирига илгари бормаган бўлиши;
- вояга етган бўлиши;
- 45 ёшгача бўлган аёллар учун маҳрамлари (эри, отаси, ўғли, акаси, укаси ва ҳ.к.)нинг ҳам бирга бориши ҳамда маҳрам эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома) нусхаси тақдим этиши лозим.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан www.lex.uz орқали танишиш мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон фуқароларининг "Ҳаж"га юборилиш тартиби