17:31 / 30.01.2018
5 146

Еган оғиз уялар ёхуд меҳмондорчилик ниқобидаги коррупция!

Еган оғиз уялар ёхуд меҳмондорчилик ниқобидаги коррупция!
Бугун дунё ҳар жабҳада шиддат билан ривожланиб бормоқда; маънавият, илм-у фан, сиёсат, иқтисод, спорт… Ақлини таниган дунё мамлакатлари сиёсатчилари ривожланишнинг ҳар қандай турига чоҳ қазувчи иллатлар билан беаёв курашмоқда. Жамиятнинг илдам ривожланишига тўсқинлик қилувчи энг катта “динозаврлар”дан бири, бу — коррупция! Айрим давлатлар, масалан, Хитойда коррупцияга қарши, ҳатто ўлим жазоси ҳам қўлланилади. Бундан кўринмоқдаки, коррупция қоғозга ўралган энг жирканч ва қабиҳ жиноят.

Икки-учта тилни мукаммал билиб, олий маълумотли бўлган ҳолда жамиятда ўз ўрнини топа олмай, бугун Америкада таксичилик қилаётган, инглиз тили имтиҳонидан муваффақиятли ўтиб, ўқиш учун Корея ярим оролига бориб, ўша ерда денгиз паромларида мардикорлик қилаётганлар ҳам айнан коррупциядан жабр тортган дўстларимиз бўлади!

“Ёшлар Иттифоқи”нинг туман кенгашлари ва мактаблардаги таркибий қисмларига ўрнашиб олиб, “етакчилик арқони”ни маҳкам ушлаб олган, аммо қилаётган ишининг натижаси кўринмаётган, суҳбатлашсангиз на дунёқараши, на билим савияси етарли бўлмаган, бир ойда ҳеч бўлмаса битта китобни ўқишга руҳий истаги бўлмаган янги “тўрачалар” ҳам ана шундай “жигарчиликка” бурканган коррупция нинг ҳаққоний кўриниши ҳисобланади. Мисол ахтараверсам, юзлаб турдаги коррупция кўринишларини санаб бера оламан.

Биз бугун чорак аср давомида қўлга киритган кўплаб ютуқларимиз билан бирга жуда катта “минус”ларимиз ҳам борлигини тан оляпмиз. Муҳими, айта оляпмиз, ёза оляпмиз.

Шахсан президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзи камчилик ва хатоларимизни қаттиқ танқид қилган ҳолда, бунга қарши чора-тадбирлар кўламини янада кучайтирмоқда. Кучли, мард сиёсатчи ўлароқ майдонга келиб, коррупцияга қарши курашни бошлаб юборди. Узоқ вақт куттирмади натижа. Икки кун аввал мамлакатимизнинг футболи коррупцияга пичоқ тортилганда нималарга қодирлигини кўрсатди. Жуда қисқа вақт ичида, мен ишонаман, футболчиларимиз жаҳон ареналарини забт этади. Чунки қилиниши керак бўлган иш энди қилинди.

28-январь куни президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифида бу ютуғимиз ҳақида шундай деди:

“Футболчи болаларимиз коррупциясиз адолат билан қандай натижага эришиш мумкинлигин кўрсатиб беришди. Осиё чемпионатида қатнашган терма жамоадаги болалар жайдари болалар. Бирортасининг ортида таниши йўқ”.

Бугун худди шу жайдари футболчиларимиз каби Ватангасадоқатли, онг-тафаккури баланд, билимли, аммо “танкаси йўқ” ёшларимиз жуда кўплаб топилади юртимизда. Фақат уларга йўл очиш ва қўллаб-қувватлаш зарур. Натижа эса узоқ куттирмайди!

Энди яна оғриқли масалага қайтай. Барча вилоят ва туманларда текширувлар ва суриштирув ишлари Вазирлик идоралари ходимлари ташрифи ва иштирокида тез-тез амалга ошириб келинади. Улғайиб, жамият ҳаётини чуқур тушуниб борганим сайин бундай ижтимоий-сиёсий ҳодисаларни жиддий ва зимдан кузатиб бораман. Ҳар гал “юқоридан комиссия келяпти”, деган хабар тарқалгач, туман идоралари, таълим, тиббиёт бошқармаларида ва бошқа тармоқларда “питир-питир” бошланади. Хатоларни тўғрилаш, камчиликрни беркитиш ва яна алламбало қусурларни хаспўшлаш учун “югур-югур”, “чоп-чоп” авжига минади.

Таълим бошқармасида мактабларга қаттиқ буйруқ берилади: “Давоматлар бекам-у кўст бўлсин! Норматив қоғозларинг жойида бўлиши шарт. (Худди ўқитувчиларнинг норматив қоғозлари таълим сифатини ошириб кўрсатаётгандай. Бюрократизм бизни ривожланишдан орқага тортаётганини ҳали-бери тушунмаймиз шекилли.)

Айни шунақа “комиссиялар мавсуми”да тиббиёт бошқармаси ходимларига назорат ўрнатади. Соат 15-16ларда ҳувиллаб қоладиган поликлиникалар кечки 18:00да ҳам гавжум. Ҳамма шифокор ва ҳамширалар ўз хонасида беморларга сидқидилдан хизмат қилаётганининг гувоҳи бўласиз. Аслида, беморларнинг ҳам бу вақтда “кети узилади”. Чунки, аксар аҳоли соат 15:00 дан кейин шифокорнинг ўз хонасида йўқ бўлишига кўникма ҳосил қилиб бўлган йиллар давомида.

Энг ёмони эса… ташкилот раҳбарлари “юқоридан” келган комиссияларни “қуюқроқ ва бақувватроқ” меҳмон қилиб кузатишни ўзларининг “фахрли бурчлари”, деб биладилар. Ва “шунга яраша чойхона палов, ўзбекона лутф” каби тадорикларини кўриб қўядилар.

Бундай жараёнлар неча йиллар мобайнида кўзга ташланган ва қулоққа чалиниб келган, оддий, табиий ҳолдек бўлиб кетган. “Ўзбекона лутфу карам” остидаги “ҳаракатлар ва харажатлар” коррупциянинг “юмшоқ”, аммо жиддий кўриниши эмасми?!
Қайсидир ташкилот ходими ғудраниб юрганини эшитиб қоламан: “Уфф… “анавиларни” зиёфатига пул йиғиляпти яна фалон мингдан…”
Ҳа, бале! Йиғасиз-да, ғиж-ғиж камчиликлар-у хатолар қобиғига ўралашиб қолганинггиздан кейин.
Йиғасиз-да, ўз ишингизни дўндириб қўя олмаётганинггиз учун! Ахир, “еган оғиз уялар…” деган донишманд халқимизнинг пурҳикмат гапи бекорга айтилмаган-ку, дўстим!
Сиз “уч-тўрт сўм” пулдан қочманг, “проблема” кимга керак?!

Ҳа, бундай гапларни заҳарҳандаликсиз ёзиб бўлмаяпти!
Бугун, жойлардаги муаммоларни ўрганиш, бартараф этиш, керакли ўринда жазо чораларини қўллаш каби жиддий маъсулиятли вазифа билан келган Вазирлик идоралари ходимлари ва бошқа комиссия аъзолари, ҳудуддаги раҳбарларнинг “беминнат, ўзбекона лутфу марҳамати, меҳмоннавозлигидан яйраб баҳраманд бўлгач”, ўз ишларини қай даражада холис бажара оладилар?!

Бир ташкилот ичида юз бераётган камчиликлар ва коррупцияни аниқлаш ва унга шафқатсиз чора кўришга анави “қуюқ зиёфатнинг қайноқ юзи” йўл қўярмикан кейин? “Қуюқ меҳмондорчилиг-у, лутф-у карам” остида яна қандай “тадбирлар” амалга ошаётгани бизга қоронғу! Бўлмаса, Фалончихоннинг бундай-бундай хатолари, камчиликлари аниқланибди” мазмунидаги гап-сўзларни эшитгач ҳам ўша “Фалончихон” ўз лавозимида бафуржа иш олиб бораётганини қандай тушиниш мумкин?!

Бугун ўз лавозимининг “имкониятлари”дан “моҳирона” фойдаланиб “Ласетти” олишни, ҳашаматли уйлар қуришни “ният қилганлар” эмас… маошининг кўтарилишига ишониб, айни пайтдагисига қаноат қилиб ишлайдиган… Ватанга ҳақиқий, садоқатли, виждонли кадрлар керак!
Бугун миллатга Президентнинг олдида елкама-елка турадиган ҳамфикр ва ҳаммаслак мардлар керак!

Бугун хато ва камчиликларни тан олиб, уларнинг чора тадбирларини еча оладиган кучли идрок ва интеллект соҳиблари керак!
Бунинг учун эса коррупция номли балои азимнинг устидан ғалаба қозонишимиз шарт, ҳатто энг майда унсурларигача.

Коррупция қобиғидан ҳалос этилган ёш футболчиларимиз ўзларини кўрсата олишдими қисқа вақтда?!
Қолган барча соҳада ҳам ўзимизни кўрсата оламиз!
Баҳриддин МУҲАММАД, журналист

Манба: fayzbog.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Еган оғиз уялар ёхуд меҳмондорчилик ниқобидаги коррупция!