15:24 / 02.03.2018
5 420

Чинозлик Аҳмад "бойвачча" яна тергов қилинмоқда!

Чинозлик Аҳмад "бойвачча" яна тергов қилинмоқда!
Кўпчиликни ўзининг фирибларига ишонтириш натижасида катта бойлик орттирган Аҳмадбой яна янги қамоқ муддатига эгалик қилади…

Чинозлик “тадбиркор”, молиявий пирамида асосчиси Аҳмад Турсунбоев (Аҳмадбой) яқин келажакда иккинчи маротаба судланиб, янги қамоқ муддатига эгалик қилиши кутилади. Бунинг учун Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида бир гуруҳ терговчиларни ўзига бирлаштирган штаб тузилган. Улар орасида Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси терговчилари ҳам бор. Штаб аъзолари шу кунга қадар Аҳмадбойга алданиб, молиявий йўқотишларга юз тутган, аммо тергов жараёнида бу ҳақда ҳеч кимга шикоят қилмаган, суд мажлисида иштирок этмаган фуқароларни сўроқ қилишмоқда. Улардан янги ҳақиқатларни аниқлаш ниятида иш олиб боришмоқда. Агар шу пайтгача ҳисобга киритилмаган жабрдийдалар сонини ҳисоблайдиган бўлсак, улар бир ярим минг кишидан зиёдни ташкил этаркан. Тергов, суриштирув жараёни тамом бўлгач, иккинчи маротаба суд бўлиб ўтади ва фирибгар янги қамоқ муддатини олади. Жабрдийдаларга эса йўқотилган маблағлар қайтарилиши таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Тошкент шаҳар жиноят суди Аҳмадбойга нисбатан адолатли ҳукм эълон қилди. У 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони умумий режимли колонияда ўтайдиган бўлди. Бундан ташқари, у энг кам иш ҳақининг 400 баробари миқдоридаги жаримага тортилди. Қарангки, Ўзбекистон республикаси конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия Аҳмадбойга ҳам фойда бериб қолди ва унга нисбатан эълон қилинган қамоқ муддати чоракка қадар қисқартирилди. Бу ҳам етмагандек, фирибгарнинг адвокати Малика Мазбудова қолган муддатни аппеляция судига шикоят аризаси йўллаш орқали йўқ қилишни мўлжалламоқда.

Маълумки, Аҳмадбой 2016 йили қўлга олинган. У аҳолидан пул қарз олиб, эвазига икки баробар кўп фоизи билан қайтаришга ваъдалар бериб, кўпчиликни чув туширган. Худди шу фириб оқибатида минглаб одамлар моддий ва маънавий зарарга юз тутди. Жиноятчи эса ёнидаги ҳамтовоқлари билан тўпланган пулларга саройлардек қўша-қўша уйлар қурган, қатор-қатор машиналар сотиб олган. Аҳмадбой қўлидаги пулларнинг бир қисмини хорижга беркитишни ҳам унутмаган. Худди шу фириб ҳаракатлари қарийб 5 йил давом этган. Тинтув жараёнида Аҳмад Турсунбоевнинг уйида миллионлаб доллар пуллар борлиги аниқланди. Лекин бу пуллар денгиздан томчи, холос.

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чинозлик Аҳмад "бойвачча" яна тергов қилинмоқда!