21:32 / 12.04.2018
11 978

Ўзбекистонга банан ва цитрус мевалар киритилмаяпти. Сабаб нимада?

Ўзбекистонга банан ва цитрус мевалар киритилмаяпти. Сабаб нимада?
Март ойининг иккинчи ярмидан бошлаб, Ўзбекистон бозорларида цитрус мевалар нархи бирданига кўтарилиб кетди.

Маълумки, қиш ойларида иссиқ ўлкалардан келадиган турли цитрус - банан, мандарин, апельсин, ананас каби меваларга талаб кучаяди. Баҳорнинг илк икки - март ва апрель ойларида айниқса бу меваларга эҳтиёж катта. Сабаби, ҳали Ўзбекистондаги боғ ва полизларда сабзавот ва мевалар пишиб улгурмаган. Май ойининг бошларидан деҳқон ва боғбонларимизнинг илк ҳосили - қулупнай, гилос ва бошқа мевалар пишгач, аҳолининг цитрус меваларга бўлган талаби озаяди.

“Илик узилди” пайтида бозорлардаги “ажнабий мевалар” нархи кўтарилиб кетиши билан боғлиқ муаммоларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик. Бизга хабар беришларича, чегарадаги божхона постларида цитрус мевалар олиб кирувчи тадбиркорлар юки ортилган машиналарни Ўзбекистон ҳудудига киритилмаяпти.

“Ўзбекистон чегарасидаги божхона постлари банан ортилган юк машиналаримизни ўтказмаяпти. Сабабини сўрасак: “карантин” дейишди. “Майский” ва “Яллама” постларида 40тадан ортиқ банан ортилган машиналарга қарийб 10 кундан бери ўтишга рухсат йўқ. Ички бозорларда банан нархининг 1 кг 35 минг бўлиб кетган. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан, 5 минг км. йўл босиб, маҳсулот олиб келдик. Нега карантин эканлигини тадбиркорлар тушунмаяпмиз. Бу ҳолатга ҳеч ким изоҳ бермаётгани чатоқ. 5 мартдан бери шу аҳвол. Баъзи-баъзида бананни ўтказиб туришган эди. Охирги 10 кун ичида умуман ўтказмай қўйишди. Масалан, мени маҳсулотларим 8 кундан бери лаборатория текширувида хулоса беришмаяпти. 14 та юк машинасидаги цитрус меваларим чегарада турибди”, - дейди цитрус мевалар импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлардан бири.

Муаммоли ҳолат бўйича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимларига мурожаат қилдик. Инспекция мутасаддилари юртимизга импорт қилинаётган цитрус ва субтропик меваларни киритилмаслиги сабабларига изоҳ бердилар.

Бизга берилган жавобда жумладан шундай дейилади:

“Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган маҳсулотларнинг ўсимликлар карантини назорати ва улардан олинган намуналарнинг лаборатория таҳлили давомида цитрус ва субтропик мевалар маҳсулотларида сариқ померанц қалқондори, ананас куяси, цитрус инли куяси, цитрус оқ қаноти, тут оқ қалқондори, куялар, зарпечак, какра, замбуруғ ва бактерия зарарли организмларининг мавжудлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ўсимликлар карантинидаги ва бошқа хавфли зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш, уларнинг тарқалишига йўл қўймаслик, шунингдек улар мавжуд бўлмаган Ўзбекистон ҳудудларига кириб боришининг олдини олиш мақсадида ҳамда баҳор фаслининг кириб келиши ва ўсимликларни вегетация даври бошланиши билан зарарли организмларнинг қишлов фазасидан уйғониб, ўсимликларга зарар етказиши, шу билан бирга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчи деҳқон ва фермер хўжаликларига катта миқдорда иқтисодий зарар етказиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда Ўсимликлар карантини инспекцияси томонидан жорий йилнинг март ойи бошида махсус буйруқ қабул қилиниб, цитрус ва субтропик маҳсулотларининг олиб кирилишига чекловлар ўрнатилди.

Республикамизда ўсимликлар олами учун катта хавф туғдириши мумкин бўлган юқорида кўрсатиб ўтилган зарарли организмларнинг ҳудудларимизда тарқалиб, зарар етказишини олдини олиш мақсадида, соҳа мутахассислари томонидан белгиланган ўсимликлар карантини чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Хусусан, карантин агроном инспекторлари томонидан республикани фитосанитар тозалигини таъминлаш бўйича ўсимликлар карантини назоратидаги мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлар етиштириладиган ва сақланадиган жойлар назорати, зарарли организмлар аниқланган ҳолда уларни зарарсизлантириш, йўқ қилиш ёки экспорт қилувчи давлатга қайтариб юбориш чоралари кучайтирилди”

Инспекция ходимлари шу кунларда чекловлар аста-секин камайтирилиши ҳақида маълумот беришди.

Тадбиркорлар томонидан: “Мутасаддилар биз билан суҳбат давомида: “Республика ҳудудига кираётган импорт товарларни озайтириш учун шундай тадбир қўлланяпти” дегани ҳақида шуни айтиш мумкинки, импортини цитрус мевалар ҳисобидан қисқартиришдан маъно йўқ. Сабаби, юқоридаги маҳсулотлар (лимондан ташқари), Ўзбекистон об-ҳаво шароитида деярли етиштирилмайди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонга банан ва цитрус мевалар киритилмаяпти. Сабаб нимада?