18:16 / 17.04.2018
4 342

Комил Алламжонов: Кўзбўямачиликка уринган ёки бунинг олдини олмаган раҳбарлар қаттиқ жазоланади (видео)

Комил Алламжонов: Кўзбўямачиликка уринган ёки бунинг олдини олмаган раҳбарлар қаттиқ жазоланади (видео)
Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг Пресс-холлида 17 апрель куни брифинг бўлиб ўтди. Унда Президент матбуот котиби Комил Алламжонов чиқиш қилди. Брифинг «Ўзбекистон 24» телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилди.

Давлатимиз раҳбари 13 апрель куни Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида вилоятларга сафарлар олдидан ижтимоий соҳа ходимларининг ободонлаштириш ишларига жалб этилаётгани, айрим жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётганини жиддий танқид остига олди. Бу лавҳа ОАВ орқали барчанинг эътиборига ҳавола қилинди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг мазкур сўзларидан кейин кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот бермоқчиман.

Президент бундай ҳолатлар яна қайтарилмаслиги учун ҳуқуқий механизм яратиш бўйича топшириқлар берди. Топшириққа кўра, аҳолини, айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимларини, талабаларни ободонлаштириш ишларига жалб этишни қатъий тақиқлаш бўйича Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилади.

Ушбу қарорда жойлардаги ободонлаштириш хизматлари фаолиятини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам акс этади. Бунда хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибаси инобатга олинади. Фуқароларни жамоат ишларига мажбурлаш ҳолатлари шундан кейин ҳам қайтарилса, Президент таъкидлаганидек, жазо қаттиқ бўлади. Жумладан, жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади.

Шавкат Мирзиёев Бош прокуратура олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйди. Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлимига сабабчи бўлган мансабдор шахсларни юридик жавобгарликка тортиш бўйича топшириқлар берди. Ҳозирда бу ҳодиса бўйича ўрганиш олиб борилмоқда.

Президент ўз нутқида жойлардаги кўзбўямачилик ҳолатларидан ҳам қаттиқ норози эканлигини билдирди. Қайд этилган хўжакўрсин ишлар юзасидан прокурорлик текширувини ўтказиш бўйича кўрсатма берди. Жумладан, Қашқадарёда йўл бўйларида ясалган сохта иссиқхоналар, Жиззахдаги тиббиёт муассасасида эски жиҳозлар ўрнатилгани ва касалларни онлайн рўйхатга олиш дастури ишламаслиги каби ҳолатлар текширилади.

Вилоятларга ташрифлар чоғида кўрсатилган, жумладан, банк раҳбарлари томонидан тақдим этилган лойиҳаларни чуқур ва таҳлилий инвентаризациядан ўтказиш, камчиликлар аниқлангудек бўлса, кескин чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди. Президент яна шундай кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида доимий ва қатъий назорат ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Кўзбўямачиликка уринган ёки бунинг олдини олмаган раҳбарлар қаттиқ жазоланади.

Давлатимиз раҳбари берган топшириқлар ижроси, айбдорларнинг жазоланганлиги ҳақида ОАВ, жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги Медиамарказ орқали хабарлар бериб борилади.

Комил Алламжонов, Ўзбекистон Президенти матбуот котиби

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Комил Алламжонов: Кўзбўямачиликка уринган ёки бунинг олдини олмаган раҳбарлар қаттиқ жазоланади (видео)