16:05 / 25.04.2018
5 854

Сенатда тўй-ҳашамлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари муҳокама этилди

Сенатда тўй-ҳашамлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари муҳокама этилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан ўтказилган жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда сенаторлар, Маданият вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Ёшлар иттифоқи, Маънавият ва маърифат маркази, Савдо-саноат палатаси каби давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида қабул қилинган “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари ҳақида”даги Қарорнинг ижроси таҳлил қилинди.

Республика ишчи гуруҳи аъзолари ушбу масала бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларини, шунингдек фуқаролардан келиб тушаётган таклиф ва тавсияларни муҳокама қилдилар. Қайд этилганидек, билдирилган ушбу фикр-мулоҳаза ва таклифлар гузарларда аҳолига қулай тўйхоналар қуриш, кафе ва ресторанлар, санъаткорлар томонидан кўрсатиладиган хизмат ҳақини, оилавий тадбирлар, айниқса, ош бериш тадбирлари ўтказилиш вақтини тартибга солиш, меҳмонлар сонини аниқлаш масалаларини, шунингдек тўй билан боғлиқ турли хил тадбирлар ўтказиш, асл анъаналаримиз ва қадриятларимизга зид бўлган бемаъни-бачкана одатларга йўл қўймаслик билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ўрганишлар жараёнида аҳолидан бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлиги ҳақида асосли таклифлар келиб тушди. Туманларда истиқомат қилувчилар ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатларига, тўй-ҳашам ва ош бериш маросимларида иштирок этувчилар сонига, тўй маросимларини ўтказиш вақтида келин-куёвни олиб юрадиган енгил автомашиналар миқдорига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини билдирдилар. Жамиятда қабул қилинган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлиги, шунингдек пуллик автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига, миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳолатларига, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказилишига йўл қўймаслик бўйича талаблар ижро этилишини назорат қилиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда тўйхоналарнинг инфратузилмасини яхшилаш, масалан, автотранспорт воситаларини сақлаш жойларини барпо этиш, кафе ва ресторанларга яқин ҳудудда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини бузмаслик, овоз даражаси учун қоида ва нормалар белгилаш, санитария-гигиена қоидаларига, озиқ-овқат маҳсулотлари сифат талабларига, хавфсизликка риоя этиш бўйича аҳолидан келиб тушган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ аъзолари ҳудудларга бириктирилди. Уларнинг зиммасига ҳудудий ишчи гуруҳлар билан биргаликда тегишли ташкилот вакилларини ҳамда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва тўйхона эгаларини жалб қилган ҳолда аҳолининг фикр-мулоҳазаларини янада чуқур ўрганиш ва таклифларни муҳокама қилиш, шунингдек мазкур масаланинг телевидение, радио, ҳудудий босма нашрлар орқали ёритилишини таъминлаш вазифаси топширилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сенатда тўй-ҳашамлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари муҳокама этилди