16:54 / 22.05.2018
5 210

Сергей Шойгу террорчиларнинг Марказий Осиёга ўтиб кетиш хавфи борлигини айтди

Сергей Шойгу террорчиларнинг Марказий Осиёга ўтиб кетиш хавфи борлигини айтди
Афғонистондаги вазият барқарорлашмаяпти, бу ушбу мамлакат орқали террорчилик гуруҳларининг чегарадош давлатларга ўтиши учун имконият яратади. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистон ҳарбий идораси раҳбари Абдусалом Азизов билан музокараларда айтиб ўтди, деб ёзади «Daryo».

Шойгунинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик «мутлақо аниқ ва жуда муҳим хусусият касб этади».

«Бу албатта, биринчи навбатда Ўзбекистон чегараларидаги барча хавф ва таҳдидлар билан боғлиқ. Шу ерда Суриядан қўшни давлатларга, шу жумладан, Ўзбекистонга кўчиб ўтаётган халқаро терроризм хавфининг ўсиб бораётганини ҳам тилга олмасликнинг иложи йўқ», — деди у.

Шойгу халқаро терроризм хавфининг тарқалиши муносабати билан, Россия катта сонли ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларни ўқитишга, шунингдек, республикага ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш учун ўқитувчиларни юборишга тайёрлигини маълум қилди. У Россиядаги ўқув муассасаларида ўқиётган ҳарбий мутахассислар сонини «бир неча фоизга эмас, бир неча баробар ошириш»ни таклиф қилди.

Россия вазири сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳарбий мутахассислари Россияда яхши билимга эга бўлмоқда.

«Шунингдек, алоҳида режани, яъни дастурни тайёрлаш ҳам муҳим деб ҳисоблаймиз, уни эса сиз билан Россияда августда бўлиб ўтадиган ‘Армия-2018’ Халқаро ҳарбий-техник форум чоғида кўриб чиқишга умид қиламиз, ушбу жараёнда сиз билан ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисини ҳам ўтказишимиз мумкин», — деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, Сергей Шойгу 21 май куни Тошкентга келди. 22 май куни Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов Сергей Шойгу билан музокаралар олиб бориши, унда икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий, ҳарбий-техник ва ҳарбий таълим йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорликнинг истиқболдаги режалари хусусида сўз юритилиши хабар берилган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сергей Шойгу террорчиларнинг Марказий Осиёга ўтиб кетиш хавфи борлигини айтди