11:58 / 18.06.2018
4 396

Сифатсиз шампунларга қарши қандай курашиш керак?

Сифатсиз шампунларга қарши қандай курашиш керак?
Фото: «Клуб Миледи»
Бугун «Фейсбук»даги «Maslahat.uz» гуруҳида Жасур Ҳакимов исмли фойдаланувчи мана бундай пост қолдирди:

«Бозордан, дўконлардан шампун олаётганда жудаям эътиборли бўлинглар. Қиммат шампунларнинг идишига сифатсиз шампунлар қуйиб сотаётганлар бор экан.

Фото: «Фейсбук»/ «Maslahat.uz»
Балки бу кимларгадир янгиликмасдир, аммо мен энди кўрганим учун огоҳлантирмай туролмадим».

Муаллиф илова қилган суратларда бўшаган шампун идишлари қандай қилиб дўкон пештахталарида пайдо бўлаётгани яққол аксини топган.

Фото: «Фейсбук»/ «Maslahat.uz»
Ҳақиқатан ҳам бу кўпчилик учун янгилик эмас. Бу гап-сўзлар анча йиллар олдин пайдо бўлган. Аммо афсуски, гап-сўзлар ҳамон гап-сўзлигича қолмоқда. Шу пайтга қадар бирор-бир ОАВда «фалон жойда қўлбола шампун тайёрлаганлар жазоланди» деган хабарга кўзимиз тушмади, бирор бир ташкилот ана шундай фирибгарларни фош этганини айтиб мақтана олгани йўқ. Демакки, уларга қарши истеъмолчиларнинг ўзлари курашишидан бошқа йўл йўқ. Ҳозирча.

Бунга қарши қандай курашса бўлади? Табиийки, уларни аниқлаб, паймонасини тўлдириш осон иш эмас. Бундай фирибгарлар осонликча тутқич бермайди, акс ҳолда бундай маҳсулотлар аллақачон пештахталардан супуриб юборилган бўларди.

Бу муаммони қандай ҳал этиш учун велосипедни қайтадан ихтиро қилиш шарт эмас. Бу ҳақда авваллари ҳам кўп ёзишган. Масалан, «Телеграм»даги каналларнинг бирида ана шундай огоҳлантиришларнинг бирини кўриш мумкин.

«eWWonline» каналидан скриншот
Шу нарса аниқки, бугун истеъмолчининг қўлидан келадиган ягона чораси шу — бўшаган шампун идишларини кесиб, синдириб, тиклаб бўлмайдиган аҳволга келтириб, ана шундан кейингина ахлатга улоқтириш. Қачонки, фирибгарлар ичига сифатсиз шампун солишга бўш идиш тополмай қолса, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлишига умид бор. Лекин буни ҳамма, ҳар доим қилиши керак. Акс ҳолда сифатсиз шампунлар туфайли кун сайин тўкилиб бораётган қадрли сочларимизга маъюс термулиб юраверамиз.

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сифатсиз шампунларга қарши қандай курашиш керак?