23:50 / 16.08.2018
5 724

Жаҳонгир Умаров ишида Тошкент шаҳар ИИББ ходими “фантазия” ишлатганми?

Жаҳонгир Умаров ишида Тошкент шаҳар ИИББ ходими “фантазия” ишлатганми?
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида кўрилаётган тадбиркор Жаҳонгир Умаров ишида Тошкент шаҳар ИИББнинг собиқ ходими Фатҳиддин Нуритдинов “фантазия” ишлатганини тан олди. Бу ҳақда UzNews.uz нашри хабар бермоқда.

Суддаги айрим далиллар ва очиқ қолган айрим саволларга жавоб бериш учун судга Тошкент шаҳар ИИББнинг собиқ ходими Фатҳиддин Нуритдинов таклиф этилди ҳамда саволларга жавоб берди.

Фатҳиддин Нуритдинов, асосан, судга далил сифатида тақдим этилган аудио ҳамда видеоёзувлар бўйича берилган саволларга жавоб берди.

Жумладан, у ўзининг маҳалладоши Нозим Ғафуржоновнинг иштирокида тадбиркор Жаҳонгир Умаровнинг офисида видеолавҳа тасвирга олиб, гўёки Жаҳонгир Умаров наркотик билан бўлган ишларга алоқадор эмас, балки айнан Нозим наркотик моддаларни ташлаб қўйганини акс эттирган лавҳани тасвирга туширганига доир саволларга жавоб берди.

«Бу менинг фантазиям эди, буни Жаҳонгир Умаровнинг илтимосига биноан қилдим деб», – жавоб берди Фатҳиддин Нуритдинов.

Шунингдек, Жаҳонгир Умаров Фатҳиддиннинг барча гаплари ёлғонлигини, у Тошкент шаҳар ИИББ биносига олиб кириб тадбиркорни калтаклагани ва ҳаттоки Фатҳиддин Нуритдинов занжир ёрдамида уни урганини исботловчи далиллари борлигини, айни занжир эса Жаҳонгир Умаровнинг ўзида эканлиги, буни Фатҳиддин Нуритдиновнинг ўзи унга олиб келиб берганини билдирди.

Фатҳиддин Нуритдинов: «Жаҳонгир Умаров наркотик модда истеъмол қилади, деб маълумот олгандан кейин, тадбир ўтказишдан 2-3 кун олдин унинг офисини пойладик, иш вақти тугаб, ишчилар кетганидан кейин у ерда шубҳали шахслар йиғилишаркан», деб айтди.

Шу ўринда судланувчи Жаҳонгир Умаров: «Тадбир бўлган куни душанба эди, агар менинг офисимни 2-3 кун кузатган бўлсангиз, ишчилар уйларига кетганидан кейин шубҳали шахслар йиғиларкан, деб ёлғон гапиряпсиз, чунки шанба ва якшанба кунлари ҳамма дам олишда бўлади ва бизнинг офисда фақат қоровул бўлади, бу ҳаммаси уйдирмалигини тан оласизми шу гапларингиздан кейин ҳам?» — деган мазмунда савол билан мурожаат қилди.

Жаҳонгир Умаровнинг ҳақли ва асосли фикри уйғунлашган саволига Фатҳиддин Нуритдинов, табиийки, бироз тушунарсиз жавоб қайтарди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ собиқ ходимига судда раислик қилувчи Зафар Бобонов ҳам савол билан мурожаат қилиб: «Сиз юқорида ўзингиз иштирокингизда суратга олинган видеоёзувларни «фантазия» деб айтдингиз, лекин Жаҳонгир Умаровнинг фарзандлари ҳаётига таҳдид қилганингиз, яъни улар бўйича аудиоёзувга қандай фикр билдирасиз?» — дея савол берди.

Фатҳиддин Нуритдинов эса: «Бу ўзим ўйлаб топган битта воқеа эди», дея вазиятдан қутулди.

Дарҳақиқат, судга тақдим этилган аудиоёзувда (бу ёзув Тошкент шаҳар ЖҚБ собиқ ходими Фатҳиддин Нуритдиновга тегишли эканлиги унинг ўзи томонидан тан олинган), Фатҳиддин Нуритдинов Жаҳонгир Умаровнинг фарзандларини ўлдириб юбориши, уларни қамаб юбориши ва қатор куракда турмайдиган сўзлар билан уларнинг ҳаётига таҳдид қилгани акс этган.

Фатҳиддин Нуритдинов мазкур суд мажлисида тадбиркор Жаҳонгир Умаровни калтаклаганини бўйнига олмаган бўлса-да, уни Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан терговчининг рухсатисиз бир неча бор ўз хонасига олиб чиққанини тан олди.

Шунингдек, Фатҳиддин Нуритдиновнинг кўрсатмаларидан бирида «Жаҳонгир Умаров қўлга олиниши жараёнида ҳожатхона эшиги очиқ эди», «қия очиқ эди» каби тушунарсиз кўрсатмалар мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, адвокатларнинг илтимосномасига кўра, Суд хизмат текшируви ўтказилиши борасида ажрим чиқарди ва 2018 йилнинг 10 август куни Ички ишлар вазирлиги бу борада ўз хулосасини берган. Ушбу хулосада Фатҳиддин Нуритдиновнинг Тошкент шаҳар ИИББдан ишдан бўшатилгани айтиб ўтилган.

Хизмат текшируви якунланди, натижа шу бўлдики, Тошкент шаҳар ИИББнинг терговчиси ва ЖҚБ ходими ишдан олинди, 10 га яқин ходим эса интизомий жазоланди. Шу ўринда қатор саволлар ўртага чиқади: хўш, улар нима учун жазоланди? Жаҳонгир Умаров ишида йўл қўйган камчилик ва хатолари учун, албатта.

Жаҳонгир Умаров ҳақиқатан ҳам калтакланганми? Ҳуқуқ-тартибот идоралари иддаоси бўйича эса калтакланмаган. Бўлмаса, нега Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари жазога лойиқ кўрилди? Шубҳасиз, Жаҳонгир Умаровга нисбатан тергов ҳаракатлари нотўғри ўтказилгани юзасидан жазоланди.

Айтиш керакки, Тошкент шаҳар ИИББ ходими Фатҳиддин Нуритдинов суддаги кўрсатмаларининг аксариятида “эсимда йўқ” ҳамда “фантазиям эди булар» дея вазиятдан чиқишга уринди. Бунга эса ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳозирча аниқ ҳуқуқий баҳо беришгани йўқ. Ҳозирча сукут. Суд эса ўз навбатида бунга баҳо бериши аниқ.

Тан олиб айтиш керак, жамиятга оз бўлса-да фойдаси теккан, муқаддам судланмаган тадбиркор Жаҳонгир Умаров ўзига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоқда қолаётганини ҳамон “заказчиклар” қудрати деб билмоқда. Жумладан, унинг ўзи унинг ҳаётини зулматга айлантириш учун ҳаракат қилган Абдушукур Абдуллаевнинг “раҳнамоси”, қудратли генерал Шуҳрат Ғуломовнинг ҳанузгача тегирмон тоши айланмоқда, деган ҳадикда қолмоқда.

Бундан ташқари эса, ҳозирги вазиятни кузата туриб, Абдушукур Абдуллаевнинг: «Жаҳонгир Умаровнинг ҳар бир ўтирган ойи учун Фатҳиддин Нуритдиновга 10 минг АҚШ долларидан бериб тураман», деган гапи ҳақиқатда ўз кучида қоляптими, деган ўйга боради киши. Чунки Жаҳонгир Умаровга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида ҳамон қамоқ жазоси ўз кучида қолмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жаҳонгир Умаров ишида Тошкент шаҳар ИИББ ходими “фантазия” ишлатганми?