08:30 / 30.08.2018
4 873

Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Ўзбекистондаги банкка 10 минг доллар қўядиган хорижлик инвесторни қучоқ очиб кутиб оламан»

Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Ўзбекистондаги банкка 10 минг доллар қўядиган хорижлик инвесторни қучоқ очиб кутиб оламан»
Халқаро Пресс клубнинг навбатдаги сессиясида Тошкент шаҳрига инвесторларни жалб қилиш масаласи ва президентнинг 15 август куни қабул қилинган «Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони муҳокама этилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимияти, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат Божхона қўмитаси вакиллари, журналистлар, экспертлар иштирок этишди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Ўзбекистонга инвестиция киритиш ниятида бўлган хориж инвестори юртимиз банкларига 10 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ қўйса, мен ўша тадбиркорга фаолият олиб бориши учун барча шароитларни яратиб бераман, муаммосини ҳал қилишга амалий ёрдам бераман», дея ҳокимнинг сўзларини келтиради «Kun.uz» мухбири.

Шу билан бир қаторда, ҳоким Тошкент шаҳрида қулай инвестицион муҳитни яратиш мақсадида қабул қилинган президент фармони, унда белгиланган вазифалар тўғрисида ҳам айтиб ўтган. Жумладан, инвесторларни олиб келишда Тошкент шаҳар ҳокимиятига кенг ваколатлар берилган. Ушбу орган шаҳар ҳудудида бўш ётган ерларни инвесторларга расмийлаштириш ва хусусийлаштириш ваколатига эга бўлган. Эндиликда, инвесторлар фойдаланилмаётган бинолар, уларнинг баҳоси ва бошқа қўшимча маълумотларни ҳокимиятдан олишлари мумкин. Яратилган қулайлик инвесторлар оқимини кучайтириши кутилмоқда. Пойтахтда жорий этилган тажриба ўз самарасини берса, бошқа вилоятларга ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Сессияда Ортиқхўжаев яна бир муҳим масалалардан бири – дарахтларнинг кесилиши бўйича аҳоли орасида уйғонган норозилик кайфияти ҳақида алоҳида тўхталди.

«Ҳозирги пайтда дарахтларнинг кесилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда турли фикрлар оқими юзага келмоқда. Ҳукумат томонидан дарахтлар кесилмоқда. Одамлар буни тўғри тушунмай салбий муносабат билдиришяпти. Ушбу ҳаракатни амалга оширилишига бир қанча омиллар сабаб бўлган. Биринчидан, касалланган дарахтлар кесилмоқда. Ўрнига янги, соғлом ниҳол экиляпти. Иккинчидан, дарахтлар кесилишига сабаб бўлаётган жиҳат – шаҳар аҳолисининг кўпайишидир. Демографик жараён жадаллашиб кетаётган бир пайтда одамларга турар жойлар қуриш керак. Бунинг учун ер ажратиш керак. Шу мақсадда дарахтлар кесиляпти. Вазият ҳар томонлама тўғри таҳлил қилинса, ўзаро тушунмовчиликларга барҳам берган бўлардик», деган шаҳар ҳокими.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Ўзбекистондаги банкка 10 минг доллар қўядиган хорижлик инвесторни қучоқ очиб кутиб оламан»