20:36 / 20.09.2018
7 157

Боғчадаги бемисл ўғрилик ва коррупция: Собиқ мудирадан қўрқув туфайли унга янги раҳбар топилмаяпти (видео)

Боғчадаги бемисл ўғрилик ва коррупция: Собиқ мудирадан қўрқув туфайли унга янги раҳбар топилмаяпти (видео)
Мактабгача таълим Вазирлиги Ички аудити хизмати Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманидаги 197-сонли мактабгача таълим муассасасида аудиторлик текшируви ўтказди.

Аввалига ота-оналардан бир банка бўёқ олиб келиш талаби билан боғлиқ шикоят юзасидан ўтказилган текширув ортидан боғчадаги кўп қинғирликлар фош бўлган.

«МТМ мудираси хонасида вазирлик аудиторларини ўзини методист деб таништирган аёл кутиб олди. Тегишли ҳужжатларни тақдим эта олмаган аёл, аслида амалдаги мудиранинг онаси эканлигини тан олди ва бу ерда ишламаслигини айтди. Кейинги терговлар шуни кўрсатдики, авваллари жиноий жавобгарликка тортилган бу аёл аслида МТМнинг пул оқимларини шахсан ўзи назорат қилиб келган.

Шу шикоятлар асосида ўрганиб чиқилганида, ота-оналар ҳамда ходимлар «Нодира опа» деган аёлни мудира деб билишларини айтишган.

Ўтказилган текшириш ишлари давомида мисли кўрилмаган миқёсдаги ўғрилик ва порахўрликка йўл қўйилгани маълум бўлди. Амалдаги мудиранинг онаси узоқ йиллар давомида дахлсизлик ва жазосиз қолишга одатланган экан. У МТВ аудиторларига дўқ-пўписалар қилиб, жисмоний путур етказиш таҳдиди билан МТМга тегишли ҳужжат ва маълумотларни тақдим этишдан бош тортди. Текшириш ишлари ота-оналар тез-тез сўрайдиган саволларга жавобларни аниқлаб берди», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Боғча болаларини овқатлантириш ҳолати

Маълум бўлишича, аудиторлик ишлари ўтказилган куни меню учун ишлатилиши лозим бўлган 56,2 кг гўшт омбордан олинган, аммо у қозонларгача етиб бормаган. Ажратилган маҳсулотнинг ўрнига бир кун аввал қайнатилган 8,98 кг миқдоридаги гўшт топилган.

Аниқланишича, амалдаги «қўғирчоқ» мудиранинг онаси ҳар куни гўштнинг ярмини ўзи учун олиб қўйишни одат қилган.

МТВ аудиторлари «навбатчи гўшт» дея талқин қилинадиган гўштни топишган, бундай гўшт одатда комиссия вакиллари ва текширувчиларга намойиш қилиш учун сақланади. Муассаса тез-тез ва ошкор текширишлар объектига айлангач, МТМ ходимлари эски гўштни чиқиндилар идишига солишган ва ҳужжатларни яшириш учун «Махсустранс» машинасини чақиришган.

Ота-оналардан асоссиз тўловлар

2018 йил январидан бошлаб ушбу боғчада болаларнинг ота-оналари 180 минг сўмдан 280 минг сўмгача бўлган тўловларни амалга ошириб келмоқда.

Амалдаги тарифларга кўра, МТМга бир ойлик тўлов миқдори 155 минг сўмга тенг. Бундан ташқари, ушбу МТМда муассасани моддий қувватлаш жамғармасига ҳар бир бола учун қўшимча равишда кунига ўртача 25 минг сўмлик тўлов жорий қилинган. Қонуний ҳужжатларда белгиланмаган барча тўловлар кассага тушмаган. Боғчада ноқонуний даромад олишнинг яна бир манбаи сифатида 3та тижорат гуруҳлари мавжудлиги аниқланди, бу эса ушбу боғчага ҳар бир боладан қўшимча 125 минг сўмдан даромад олиб келган. Бу «тижорий гуруҳ»лардан ҳар ой 10 миллион сўм атрофида пул чўнтакка тушган.

МТВ аудиторлари текшириш чоғида ушбу боғчада 12 бола йўлланмасиз қатнаётганини аниқлашган. МТМ ходимлари рўйхатга киритилмаган болаларни текшириш вақтида эшиги ташқаридан қулфланадиган омборхонага яшириб қўйишган. Бу болаларнинг ота-оналари боғча тўловини нақд пулда амалга ошириши маълум бўлган.

Яна бир ачинарли ҳолат - боғча ҳудудида чинни буюмлар, яъни пиёла ишлаб чиқарадиган цех очилган. Мутахассисларнинг эътирофича, бу цехда фойдаланиладиган хомашё ва бўёқ болаларнинг соғлиғига зарар етказади.

Боғча эмас, мафия!

Ходимларнинг етишмаслиги билан боғлиқ вазиятда ушбу МТМ жамоаси таркибида «ўлик жонлар» топилган.

Тарбиячилар, ҳамширалар ва фаррошлар сифатида рўйхатга олинган одамлар аслида ушбу муассасада ишламаган. Бироқ, бир неча гуруҳлар тарбиячиларсиз фаолият олиб бориб, болалар ёрдамчилар назорати остида бўлиб келган. Асоссиз тўланган ойлик маошнинг ҳажми 2015-2018 йиллар оралиғида 61 миллион сўмни ташкил этган. Текширувдан сўнг, 197-сонли мактабгача таълим муассасаси раҳбари ўз лавозимидан озод этилган.

Бироқ, телефон орқали тушаётган таҳдидлар давом этаётгани сабабли ушбу муассасада янги ишчилар кўп ушланиб қолишдан бош тортмоқда. Айни пайтда ушбу МТМга раҳбарлик қилиш лавозимини 3 киши рад этган.

Аудиторлик материаллари туман ва Бош прокуратурасига жўнатилган.

«Ҳурматли ота-оналар, МТМ сиздан жим ва бефарқ қолмаслигингизни сўрайди, чунки масала ҳимояга муҳтож ва муносиб тарздаги тарбиядан маҳрум бўлаётган болаларимиз билан боғлиқдир. Мактабгача таълим вазирлиги ошкоралик тарафдори ва у коррупция ва ўғриликка қарши курашда қаттиққўл сиёсат олиб боришда давом этади. МТВ болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузиш фактлари ҳақида жим турмайди, балки уларни ҳимоя қилиш йўлида ўз вазифаларини қатъий равишда амалга оширади.

Мактабгача таълим соҳасида ҳуқуқбузарликларга гувоҳ бўлсангиз, +99871 215-52-79 телефон рақамига қўнғироқ қилинг ёки вазирлик сайти орқали ўз шикоятингизни юборинг», дейилади вазирлик хабарида.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Боғчадаги бемисл ўғрилик ва коррупция: Собиқ мудирадан қўрқув туфайли унга янги раҳбар топилмаяпти (видео)