12:06 / 21.10.2018
2 673

АҚШнинг бешта нуфузли университети вакиллари Ўзбекистон билан танишди

АҚШнинг бешта нуфузли университети вакиллари Ўзбекистон билан танишди
Сўнгги вақтларда бутун дунёда Ўзбекистонга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Хусусан, хорижий давлатлар ёшлари мамлакатимиз ҳақида яқиндан билишга интилишяпти. Бунда нафақат бой тарихий-маданий меросимиз, балки кенг кўламда давом эттирилаётган ислоҳотлар туфайли Ватанимизнинг барқарор тараққиётга эришиб, халқаро миқёсда мавқеи юксалиб бораётгани ҳам муҳим омил бўлаётир.

Бунга яқинда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида АҚШнинг бешта етакчи олий ўқув юрти — Бостон, Нью-Йорк, Калифорния, Бэйлор университетлари ҳамда Огайо штати университети талабалари иштирокида ўтказилган тадбирни мисол сифатида келтириш мумкин. Унда хорижлик йигит-қизларга мамлакатимиз тарихи, сайёҳлик салоҳияти, халқимиз анъана ва қадриятлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Юқорида санаб ўтилган олий таълим даргоҳлари, чиндан ҳам, жаҳонда катта обрў-эътиборга эга. Масалан, Бостон университети 1839 йилда ташкил этилган бўлиб, айни пайтда дунёдаги 100 та энг нуфузли олий ўқув юрти рўйхатига киради. Бу ерда 30 мингдан ортиқ талабалар ўқийди, тўрт мингга яқин олим ва ўқитувчилар фаолият юритади.

1831 йилда асос солинган Нью-Йорк университетида эса 50 мингдан зиёд йигит-қизлар таҳсил олади. Унинг битирувчилари ва педагогларидан 31 нафари Нобель, 19 нафари “Оскар”, “Эмми”, “Гремми” мукофотлари лауреати бўлган.

Калифорния, Бэйлор университетлари ва Огайо штати университети ҳам юксак салоҳияти билан ажралиб туради.

Тақдимот чоғида меҳмонлар элчихонанинг тарихий биноси ҳамда Ватанимиз ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар билан яқиндан танишишди. Ҳунармандларимиз ва санъатшуносларимиз асарлари, шунингдек, мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, туризм имкониятлари, таълим ҳамда бошқа соҳаларни равнақ топтириш борасида қилинаётган ишлар, эришилаётган натижалар талабаларда катта таассурот қолдирди.

Бундан ташқари, қадимий масканлар, обидаларни асраб-авайлаш, Буюк Ипак йўли бўйлаб туризм йўналишларини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, бир қатор давлатлар сайёҳлари учун виза тартиби соддалаштирилгани тўғрисида маълумотлар берилди. Иштирокчиларнинг тасаввури янада бойиши учун уларга босма материаллар, брошюралар тақдим этилди. Ватанимиз тарихий-маданий ҳаётидан сўзловчи фильм намойиш қилинди.

Бостон университети декани Уолтер Монтаньо тақдимот юқори савияда ташкил этилганини билдириб, “Самарқанд, Бухоро, Тошкент каби тарихий шаҳарлар тўғрисида ҳикоя қилувчи фильм ва материаллар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. Келгусида ҳам бундай тадбирларни давом эттириб, талабаларимизни Ўзбекистон билан янада яқинроқ таништириш истагидамиз” дея таъкидлади.

Огайо штати университети 4-босқич талабаси Эмили Липстронинг айтишича, ҳар жума куни улар учун Америка ва хорижий давлатлар муассасаларига саёҳат уюштирилади. Бу гал Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида тадбир бўлишини эшитиб, унда иштирок этишни сабрсизлик билан кутди. “Юртингиз ҳақидаги маълумотлар билан танишгач, менда Ўзбекистонга бориш, бу гўзал мамлакатни ўз кўзим билан кўриш нияти туғилди” деди у.
Шавкат ОРТИҚОВ тайёрлади.

Манба: "Халқ сўзи"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » АҚШнинг бешта нуфузли университети вакиллари Ўзбекистон билан танишди