03:53 / 01.11.2018
5 203

Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст: Ислом Каримов ҳақида

Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст: Ислом Каримов ҳақида
Бир кун Ислом ака раҳматли “Мурод, мен баъзида қўрқиб кетаман, ҳеч ким менга эътироз билдирмайди. Ахир, мен Худо эмасман-ку” деб қолди. “Чекингизга тушгани шу, сизга ҳеч ким рост гапирмайди”, дедим. Балким одам ўзини ўзи кўпроқ тергаши керакдир. Дастлабки пайтларда у одамларни эшита оларди.

Бир-икки марта мени мақтаманглар, хушомад қилманглар, танқид қилинглар деб ҳам айтганди. “Йўқ, эътироз билдирамиз! Сиз қилаётган тарихий ишларга муносиб баҳо бериш керак”, деб тескариси қилинди. Туппа-тузук одамни ҳам йўлдан урамиз.

Ўзбек халқи асарларда нега ювош қилиб тасвирланади?

Ҳозир саводсизлик тантана қилаётган давр. Савия жуда паст. Коэло билан Муракамини катта ёзувчи, деб айтишади. Менимча, буюк ёзувчилар Маркес билан тугаган. Асарларимизда одамларимиз қўйдай ювош бўлиб қолган. Зора, бизнинг ёзганларимиз далада сепилган ўғитга айланса, яъни гўнгга ўхшатиб сепилса, шу ерда янги оғочлар, янги гуллар ўсиб чиқса, бизнинг хатоларимиздан хулоса чиқарган авлод етишиб чиқса. Барибир бу масалада оптимистман. Биз қўйдай ювош қилиб тасвирлаган халқ аслида асов ва чапани. У ўз сўзини барибир айтади.

Ватанпарварлик ҳақида

Ўтиш даврида яшаган одамларнинг шўри қурсин, деган гап бор. Сизларнинг авлодларингизнинг чекига шундай давр тушди. Парокандалик бошланди, қалайи-қалбаки даҳолар пайдо бўлди. Ватанпарварликка ортиқча урғу бериб, ҳеч кераксиз фанларни киритиб ташладик. Ура-патриотизм авж олди.

“Мустақиллик” сўзини хор қилиб ташламаслик керак. “Мустақиллигимиз” деб бошлаши билан, демак, сен ҳали тўлиқ мустақил эмассан, деб ўйлайман. Нима кераги бор? Сўзнинг қадри йўқолиб кетди. Дидсизлик расмий даражага кўтарилган, шиорларга айлантирилган. Ҳукумат, яъни ҳокимият ўзининг манфаатига – ғояларига мослаб байрам ўтказиши мумкин, лекин бунинг учун ярим йил тайёргарлик кўриш керак эмас...

Одамнинг атрофида қариндош-уруғлар бўлмаса жуда катта ишлар қилиши мумкин

Амалдор бўлиб гўрам қилганим йўқ. Фақат вақт кетгани қолди. Ютқизганда ёзувчи ютқизди (ўзини айтяпти). Барибир одамга мансаб ёқади. Жиянларим бирам кўпайиб кетган. Қариндош кўпаяди, дўстлар кўпаяди. Кўтариш жуда қийин. Ҳамма сени талантлисан, дейди. Ўзимнинг талантли эмаслигимни билардим-у, лекин ёқарди-да. Ишонгим келарди.

Сиёсатчи Маҳатма Гандига ўхшаши керак. Битта довоти, битта ручкаси, лекин шиппаги иккита бўлган! Яна бир “нотўғри” ишга йўл қўйганлар, Лондонга борганда плашч кийганлар. Чунки совуқ. Одамнинг атрофида қариндош-уруғлар бўлмаса жуда катта ишлар қилиши мумкин. Ўшанда халқ ҳам ишонади. Ганди манфаатларни сидириб ташлаб, ўзини ҳиндиларнинг равнақига бағишлаган Шахс-да! У – идеал! Етиб бўлмайди.

Манба: Турон24

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст: Ислом Каримов ҳақида