
1976 йил Шеробод туманида туғилган, бева, бир нафар фарзанди бор, маълумоти ўрта, муқаддам судланган Карима Ҳасанова (мақоладаги исм–шарифлар ўзгартирилди) Миробод тумани ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ ходимлари ўтказган тадбир давомида қўлга олинди. Маълум бўлишича, судланувчи пойтахтга келиб–кетиб юриб, қўшмачилик билан шуғулланган.
«Мижозларим кўп»
Пойтахтга тез–тез келиб–кетиб юрган К.Ҳасанова фоҳишалик билан шуғулланувчи қизларни яхши танир эди. Ким қайси туманда яшаши, бу ишда неча йиллик тажрибага эгалиги, нарх–наво, хуллас, қўшмачиликни касб қилганларгина билиши мумкин бўлган маълумотлар унда етарлича бўлган.
К. Ҳасанова навбатдаги мижознинг буюртмасини етказиб бераётганида қўлга олинди.
Ўша куни К.Ҳасановага ўзини Умид Тўраев деб таништирган йигит қўнғироқ қилиб, жинсий яқинлик қилиш учун қизлар кераклигини айтади. «Муаммо йўқ, укам, нечта бўлсин?», дея савдони бошлаган қўшмачи «холис хизмат” неча сўм бўлишини қистириб ўтади. У.Тўраев аёлнинг шартини қабул қилади ва улар Миробод туманида жойлашган савдо маркази ёнида учрашишга келишишади.
К.Ҳасанова буюртмачининг талабидан келиб чиқиб, фоҳишалик билан шуғулланувчи қизларнинг бир нечтасига қўнғироқ қилади.
Қўшмачи аёл галдаги «операция» учун Н.Каримова, М.Пўлатова ва Ж.Сатторовани танлайди. Қизлар билан қўнғироқлашиб, учрашув жойи, вақтини айтади.
23:00лар атрофида К.Ҳасанова буюртмачи билан учрашади. «Каптива» русумли машинада келган мижоз уч қиздан иккитасини танлаб олади. Қўшмачи хотин Ж.Сатторова ва Н.Каримованинг таърифини келтириб, ҳар бири учун 100 000 сўм сўрайди. У.Тўраев хамёнидан 200 000 сўм чиқариб, К.Ҳасановага бергач, қизлар машинага ўтиришади. Олди– берди пишди, энди К.Ҳасанова мижозга маъқул келмаган қиз – М. Пўлатовани «Матиз» русумли машинага ўтказади. Ҳаммалари тарқалмоқчи бўлиб туришганида фуқаролик кийимидаги ички ишлар ходимлари келиб, уларни тўхтатишади.
Қолганини биласиз, қўшмачи хотин ҳам, ўз ихтиёри билан фоҳишалик билан шуғулланаётган қизлар ҳам терговга жалб қилинди.
Аниқланишича, қўшмачилик – К.Ҳасановага янгилик эмас. У аввал ҳам қизларни фоҳишаликка бошлаб, бунинг учун яхшигина ҳақ олиб келган.Муқаддам судланган бўлишига қарамай, ўзи учун тегишли хулоса чиқара олмаган аёл яна қора курсидан жой олди. Ачинарлиси, унинг қарамоғида бир фарзанди бор.
Моддий қийинчилик сабабми?
Судда гувоҳ сифатида кўрсатма берган М.Пўлатова фоҳишалик билан шуғулланиши сабабини – моддий томондан қийналганлиги билан изоҳлаган. Қизиғи, унинг бу важи ҳеч қанақасига ўзини оқламади. Негаки, бу ишни ўзига касб қилиб олган қизларнинг аксарияти ҳунар ўрганиш, ишга жойлашиш, меҳнат қилиб пул топиш ҳақида умуман ўйлашмайди.
Фоҳишаликни касб қилганлар орасида шундайлар ҳам борки, «Бир–икки сўм ишлаб, уй–жой қилишга етадиган пул қилиб олсам, бу ишни йиғиштираман», дейди. Бироқ улар билишмайдики, ҳаромдан келган пул ҳеч қачон буюрмайди. Ҳатто кейинчалик бу ишни бас қилган тақдирда ҳам уни таниган-билганлар учун танасини сотган аёл бўлиб қолаверади.
Судда гувоҳлик берган Н.Каримова ва Ж.Сатторова ҳам К.Ҳасанованинг таклифини фақат моддий етишмовчилик сабаб қабул қилганликларини билдиришган. Аниқланишича, улар аввалдан бу иш билан шуғулланиб келишади. Буюртмачи билан учрашув олдидан К.Ҳасанова қизларни бир жойга йиғиб, уларга мижоз борлигини айтган. Сўнг таклиф этилиши режалаштирилаётган пулда унинг ҳам улуши борлигини қатъий тайинлаган.
Дастлабки терговда сўроқ қилинган ва кўрсатмаси тарафларнинг розилиги билан ўқиб берилган гувоҳ У.Тўраев Миробод тумани ИИБ бошлиғига қўшмачилик билан шуғулланаётган аёл ҳақида ёзма хабар берган. Қўшмачи хотинга қарши қонуний чора кўрилишини сўраган У.Тўраев аризасида ёзилган ҳолатни тасдиқлаш мақсадида К.Ҳасановага қўнғироқ қилиб, ўзини мижоз сифатида таништирган.
Карима Ҳасанова Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси, 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати
ҳамда жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди судьяси
Бобиржон Иноғомов билан ҳамкорликда тайёрланди
ҳамда жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди судьяси
Бобиржон Иноғомов билан ҳамкорликда тайёрланди
Манба: Darakchi.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар