18:50 / 06.11.2018
5 664

Коррупциясиз бахтли яшаш мумкин(ми?)

Коррупциясиз бахтли яшаш мумкин(ми?)
Журналист Фурқат Алимардоновнинг фикрича, коррупцияга қарши курашишда пора таклиф қилганлар ёки олганларни жавобгарликка тортиш самарасиз усулдир. Фақат ошкоралик, шаффофлик билан коррупцияга қарши самарали курашиш мумкин.

Кўп йиллардан бери Дания коррупция йўқ мамлакатлар рейтингида пешқадамликни бермай келади. Буни қарангки, фуқаролари ўзини бахтли ҳис этадиган давлатлар рўйхатида ҳам айнан Дания биринчи ўринда туради. Қизиғ-а?! Демак, қаерда коррупция, яъни чиркин манфаатлар-у енг ичида иш битиришлар бўлмаса ўша ерда одамлар ўзини бахтли ҳис этар экан-да!

Икки йил аввал маҳалладан маълумотнома керак бўлиб қолди. “Вақтинча” яшайдиган маҳаллам идорасига кириб бордим. Раисга муддаомни айтдим. Раис роппа-роса бир соат менга арзини тўкиб солди. Яъни, маҳаллада пул йўқ, камига обуналар, ҳашарлар... Охири мақсади аниқ бўлди. “Қирқ минг ташлаб кет", – деди у қоғозга муҳр босаркан.

Маълумотномани қўлимга олдим. Кейин: "Ака, пулни-ку бераман, лекин мен газетада...”, – дедим кулиб. Раис мени такаллуф билан кузатиб қўяркан: “Ука, тағин бояги гапларни бирон жойда айтиб юрманг-а, бизгаям қийин-да!”, – деди...

Менимча бунинг отини ҳам коррупция дейишади. Мен газетада ишлашимни айтганим эмас, раиснинг пул сўрагани. Фақат бу энг кичик кўриниши. Энди тасаввур қилинг, одамга зарур бўладиган қанчалаб “катта-катта” ҳужжатлар бор. Масалан, диплом, рухсатнома, тавсиянома...

Бир таниш акам бор. Доим бирон ишини битираётганда иши тушган одамнинг қўлига ортиқча пул тутқазади. Ўзи олий маълумотли. Менга ҳар сафар ҳалоллигу покликдан ваъз ўқийди. “Ака, нимага ортиқча пул бераяпсиз, бусиз ҳам пулини тўлаяпсиз-ку!”, – дейман қизишиб.

“Укам, унинг ҳам бола-чақаси бор. Ҳам ишимиз тез битади”, – дейди у. Кейин у ўз фикрида, мен ўз фикримда қолаверамиз. Мен шунчаки ходим ойлик маошидан ташқари “туҳфалар"ни олишини истамайман. Ишни эса шусиз ҳам ўз вақтида, тез бажариб бериши керак.

Халқ “қарс икки қўлдан чиқади” деб бекорга айтмаган. Берган иши битиши, олган нафси учун олади! Айбдор ким?

Берган ўғлимни ўқишга жойлай, қизимни ишга жойлай, уч-тўрт сўтих ер олай, фарзандларим кўчада қолмасин, касалимга яхшироқ қарасин, ишдан ҳайдаб юбормасин ва ҳоказоларни важ қилади. Ҳа, айтганча, охирги марта қачон катта бир ишингиз ҳадясиз, катта танишингизнинг қўнғироғисиз битди?!

Охирги пайтларда давлат органлари вакилларига пора таклиф қилгани учун турли даражадаги жавобгарликка тортилган одамлар ҳақидаги хабарларни кўп кузатаяпмиз. Эътиборли томони, улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимига пора таклиф қилади, орган ходими бунга розилик беради ва хонаси ёки ўзига қулай жойда келишилган “нарса”ни олишини билдиради. Буёғи ўзингизга маълум.

Аниқлаган маълумотларимизга кўра, порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни очиб бергани учун орган ходими ишхонаси томонидан рағбатлантирилади. Мантиқан олиб қараганда орган ходими ўз вазифасини бажараяпти. Шундай экан, уни рағбатлантиришга нима ҳожат бор? Майли, бу бошқа мавзу.

Масалага чуқурроқ қарайдиган бўлсак, модомики, биз коррупцияга қарши курашмоқчи эканмиз, пора таклиф қилган ҳар бир одамни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиб чиқишимиз шартми?! Агар шарт бўлмаса, пора таклиф қилинган орган ходими таклиф қилувчига: “Ака, бундай келинг, менга таклиф қилган пулингизни ўзингиз, оилангиз учун ишлатинг. Ишингизнинг эса қонунан ҳал бўлишини талаб қилинг. Қаранг, қандай очиқ замонлар...”, – дейиши керак. Бояги “бечора” пора таклиф қилган тўғри тушунар. Тўғрими? Нима дедингиз?!

“Коррупция – тараққиёт кушандаси” деган шиорни ўқиб қолдим қаердадир. Тўғри гап. Лекин буни шиор қилиб осиб қўйиш шарт эмас. Негаки, одамлар ҳар куни “коррупция” деган сўзни кўравериб унга кўзи ўрганиб қолади ва эътибор бермай қўяди.

Ўйлаймиз. Тараққиётнинг кушандаси коррупция экан, коррупциянинг кушандаси нима? Ахир борлиқдаги ҳар ненинг ўз кушандаси бор-ку! Экспертларнинг фикрича, ошкоралик коррупцияга қарши курашишда энг катта куч. Демак, фақат ошкоралик коррупцияни йўқ қилиши мумкин.

Ошкоралик қаерда бўлади, албатта демократик давлатда. Мамлакатда демократия даражаси нақадар паст бўлса, коррупция даражаси шу қадар юқори бўлади. Демократик давлатда ҳамма нарса ошкора бўлади. Ҳамма соҳаларга шаффофлик кириб боради. Ниҳоят, коррупция ўзидан-ўзи ўлади. Аммо хавотирли жойи шундаки, коррупцияни кўп бошли аждарга ўхшатишади.
Фурқат Алимардонов

Манба: Turon24.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коррупциясиз бахтли яшаш мумкин(ми?)