22:31 / 14.12.2018
5 609

Вақтинчалик прописка муддати 1 йилга узайтирилди, ижара шартнома ҳам шарт эмас

Вақтинчалик прописка муддати 1 йилга узайтирилди, ижара шартнома ҳам шарт эмас
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 845-сонли қарорига асосан вақтинча пропискага қўйиш тартибига ўзгариш киритилган. Тошкентда вақтинчалик пропискада турадиганлар билиши керак бўлган муҳим 2 та ўзгариш бор.

Биринчидан, вақтинча прописканинг максимал муддати аввалгидек 6 ой эмас, балки 1 йил қилиб белгиланган.

Иккинчидан, эндиликда вақтинча прописка олиш учун ижара шартномасининг нотариал тасдиқланган нусхасини тақдим этиш шарт эмас. Сиз фақат қуйидаги ҳужжатларни топширасиз:

1) ариза;
2) паспорт (ҳарбий хизматчилар учун — шахсий гувоҳнома, 16 ёшга тўлмаган шахслар учун — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва 35х45 мм ўлчамдаги 2 дона расм);
3) уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги);
4) уй-жой ҳужжатларининг асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
5) давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция (ЭКИҲ 2% — 4 минг сўм);

Аммо ҳали ҳам вақтинчалик прописка 6 ойга берилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Мабодо шу кеча-кундузда муддати тугаган вақтинча пропискангизни узайтирмоқчи бўлсангиз, 1 йилга узайтиришларини сўранг. Ижара шартнома нусхасини топширишингиз шарт эмаслигини ҳам унутманг. Ҳаққингизни талаб қилинг. Шу билан бир қаторда «паспорт стол»дагилар эски усулни қўллашса, яъни «бизга бунақа ҳужжат келмаган, бизнинг инструкциямизда шунақа, 6 ойга қўйиб бераман, ижара шартнома нусхасини ҳам топширасиз» деган гапларни эшитсангиз ҳайрон бўлманг. Сабаби оддий.

Ички ишлар вазирининг 2016 йил 16 майдаги 79-сон буйруғи билан тасдиқланган йўриқномага ҳалиям ўзгариш киритилмаган. Пастдаги ижрочилар эса одатда Вазирлар Маҳкамаси қарорига киритилган ўзгаришларни тан олмайди, улар вазир тасдиқлаган «инструкция» билан ишлайди. Яъни айрим қоидаларнинг бекор бўлиши учун ҳукумат қарорига ўзгариш киритилгани ҳисоб эмас, албатта вазирлик ва идораларнинг инструкциялари ўзгаришини кутишга мажбурсиз!

Ҳамма ўзидан бир бош баланд идоранинг ҳужжатини тан олади холос. Аслида бунақа бўлмаслиги керак. Қонунга биноан, Вазирлар Маҳкамаси қарори ва Ички ишлар вазирининг буйруғи бир-бирига зид келиб қолса (ҳозир шунақа, масалан), унда ВМ қарори устун бўлади.

Бу масалани тезкор ечишнинг оддий йўли - ҳамма қуйи бўғин ижрочиларига хат чиқариб, "токи ўзгаргунгача мана бунақа тизимда ишлаб тур" дея топшириқ бериш керак. Чунки инструкцияга ўзгариш киритишнинг ўзига хос тартиби бор, 1-2 кунда бўладиган иш эмас. Боз устига ВМнинг 22 октябрдаги қарорининг 4-бандида Ички ишлар вазирлиги 2 ой муддатда ўз буйруқларини мослаштирсин, дейилган.

Хушнуд ХУДОЙБЕРДИЕВнинг телеграм каналидан олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вақтинчалик прописка муддати 1 йилга узайтирилди, ижара шартнома ҳам шарт эмас