23:12 / 18.12.2018
5 011

Катта Лангар қишлоғи туристик ҳудудга айлантирилади

Катта Лангар қишлоғи туристик ҳудудга айлантирилади
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғидаги қадимий ёдгорликлар ўрганилди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Катта Лангар қишлоғи — унинг худудидаги темурийлар даврига оид тарихий маданий меъморчилик ёдгорликлари сабаб донғи кетган. Ноёб ёзма манба — “Катта Лангар Қуръони” Шарқ уйғониш даврининг бебаҳо намунаси бўлиб, у VIII аср охирларида куфий-ҳижозий хатида битилган, дунёга машҳур “Усмон Мусҳафи”нинг нодир нусхаларидан бири саналади. Санкт-Петербургнинг Кунсткамера музейи директори ўринбосари, исломшунос, профессор Е.Рузван ҳамда европалик манбашуносларнинг фикрига кўра, Катта Лангар Қурьони Саудия Арабистонидан IX асрда келтирилган ва шахсий ёзма мулки сифатида бугунги кунларгача етиб келган. Аммо собиқ Иттифоқ даврида унинг кўплаб саҳифалари АҚШ, Қувайт, Россия, Франция музейларига тарқаб кетган. Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан унинг тўлиқ факсимилеси яратилгани ва мамлакатимизга қайтгани таҳсинга сазовор.

Ишчи гуруҳи Катта Лангарнинг тарихий-маданий объекти бўлган масжид билан тўлиқ танишиб, у ерда тўлиқ сақланиб қолган ажойиб майоликалар, мозайикалар, ёғоч уймакорлиги, эпиграфика намуналари аянчли аҳволга келиб қолгани, қишлоқдаги меъморчилик обидаларини ЮНЕСКО, ИКОМОС каби ҳалқаро ташкилотларнинг фикрини инобатга олган ҳолда тўғри таъмирлаш концепциясини ишлаб чиқиш зарурлини билдирди. Таьмирлаш ишларида Франциядан тажрибали профессор мутахассисларни таклиф этиш, Маданият вазирлиги таркибида “Катта Лангар маданий мероси” мажмуасини ташкил этиш ҳамда қишлоқни ҳалқаро ва маҳаллий туризмга мослаштириб ободонлаштириш таклифларини илгари сурилди.

Маълумот учун, Юртбошимиз Қашқадарё вилоятидаги ижтимоий маданий объектлар билан танишуви жараёнида Катта Лангар қишлоғидаги темурийлар даврига оид тарихий-маданий ёдгорликларнинг аҳволини объектив равишда ўрганиш ва уларни абадий сақлаш хусусида илмий концепция ишлаб чиқиш, таъмирлаш ишлари бўйича таклиф киритиш бўйича топшириқлар берганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Катта Лангар қишлоғи туристик ҳудудга айлантирилади