Танзила Норбоева Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига қайта сайланди

  • 22 декабрь 2018, 20:18
  • 2 183
  • Жамият
  • Танзила Норбоева Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига қайта сайланди
    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида Хотин-қизлар қўмитасининг 2014-2018 йиллардаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари сарҳисоб қилинди.

    Тадбирда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева сўзга чиқди. Маърузачи асосий эътиборни қўмитанинг устувор вазифалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисобига қаратди.

    Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўзида хотин-қизлар қўмиталари ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан уйма-уй юриш орқали аниқланган 245 минг нафар ишсиз хотин-қиз бандлигини таъминлашга эришилди. Бу борада жойларда маҳаллалар кесимида хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, 2018 йилда 10 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар бандлиги таъминланди ва ушбу мақсадлар учун 38 млрд. 261 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

    Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан фойдаланилмай турган корхоналар, бўш биноларни қайта таъмирлаш ва ишга тушириш ҳисобига 2018 йилнинг ўтган даври давомида 2 минг 346 та кичик цех ташкил этилиб, 16 минг нафарга яқин аёлнинг бандлиги таъминланган.

    Хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.

    Олиб борилаётган профилактик ишлар натижасида хотин-қизлар жиноятчилиги 2016 йилда 5 фоизга, 2017 йилда 11 фоизга камайган бўлса, 2018 йилда 35,7 фоизга камайишига эришилган.

    Турли диний экстремистик оқимлар аъзоси бўлган аёлларни соғлом ҳаётга қайтариш борасидаги ҳаракатлар натижасида уч минг нафардан зиёд аёл махсус рўйхатдан чиқарилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

    Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси якунида қўмитанинг устувор вазифаларини белгилаб олиш ва ташкилий масалалари ҳам кўриб чиқилди.

    Унга кўра, қўмита бошқаруви, раёсати ва тафтиш комиссияси таркиби сайланди. Шунингдек, қўмитанинг янги таҳрирдаги устави қабул қилинди.

    Янги сайланган қўмита раиси Танзила Норбоева тадбир иштирокчиларини хотин-қизларимиз бахтиёр яшашини таъминлашда ҳамкор ва якдилликда ишлашга чақирди.

    » » Танзила Норбоева Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига қайта сайланди