18:35 / 27.01.2019
9 362

Орол денгизининг қуриган тубидан чучук сув топилди (видео)

Орол денгизининг қуриган тубидан чучук сув топилди (видео)
Фото: ЎзА
Мўйноқдан 200, Нукусдан 400 километр олисда, Возрождение оролининг Шағала деб номланувчи жойида, яъни Орол денгизининг қуриган тубидан чучук сув топилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

26 январь куни сув кўзининг топилиши муносабати билан тантанали маросим ўтказилди. Унга қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мўйноқликлар ҳамда Оролнинг қуриган тубида меҳнат қилаётган ҳашарчилар қатнашди.

Ушбу чучук сув Жанубий Орололди артезиан бассейнининг Бор даври ётқизиқларидан, яъни 260-280 метр теранликдан топилди. Сув сарфи секундига 7 литрни ташкил қилаётган бу сувнинг минераллашуви 3 грамм, қаттиқлиги 6 миллиграмм эквивалентга тенг.

—Жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувлари Чимбой, Тахтакўпир, Қораўзак туманлари ҳудудларини қамраб олади. Фойдаланишга яроқли бундай сув кўзлари ушбу туманларда ҳам топилган, — дейди Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси бошлиғи Шавкат Олимов. — Жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувларини махсус ускуналар ёрдамида чучуклаштириб, ичимлик суви сифатида фойдаланса ҳам бўлади. Ҳозирги кунда Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманларида шундай ускуналар ёрдамида аҳоли сувни истеъмол қилиб келмоқда.

4-5 та ярусдан ташкил топган Бор даври ётқизиқларининг пастки қатламларидаги жанубий Орололди артезиан бассейни ер ости сувлари термал ва минераллашган бўлиб, шифобахш хусусият касб этади. Бу каби 47-50 градус иссиқликдаги сувлар Қозоқдарё, Қораўзак, Чимбой ҳудудларида мавжуд.

— Чучук сув кўзларининг очилиши Мўйноқда чорвачилик соҳасини ривожлантиришга асос бўлади, — дейди Мўйноқ тумани ҳокими Сайлаубай Данияров. — Шунингдек, экологик вазият яхшиланади. Қушлар, ёввойи ҳайвонлар келади. Биохилмахиллик ривожланади. Пайдо бўлган ветландлар эса тузнинг ҳавога кўтарилишига ҳам тўсиқ бўлади.

Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси томонидан жорий йилда Мўйноқ туманида, яъни Возрождение ороли, Сургил, Ахантай ҳудудларида шу каби 40 та сув кўзларини очиш режалаштирилган. Бу биринчиси бўлиб, сув кўзларининг очилиши Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларида чорвачиликни ривожлантиришга замин яратади.

Шунингдек, 2021—2023 йилларда Жанубий Оролнинг қуриб қолган қисмини геологик жиҳатдан ўрганиш ишлари олиб борилиши ҳам алоҳида дастур сифатида қабул қилинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Орол денгизининг қуриган тубидан чучук сув топилди (видео)

Жамият янгиликлари