08:55 / 06.02.2019
5 334

Франциянинг Peugeot Citroen компанияси Ўзбекистонда завод қуриш фикридан қайтдими?

Франциянинг Peugeot Citroen компанияси Ўзбекистонда завод қуриш фикридан қайтдими?
Ижтимоий тармоқларда Франциянинг Peugeot Citroen компанияси Ўзбекистонга киритган сармоясини қайтариб олишига кўзи етмагани учун, Жиззахдаги Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive заводи қурилиши тўхтаб қолгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган эди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бугун, 5 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзавтосаноат» АЖ раиси ўринбосари Азиз Шукуров ушбу вазиятга изоҳ берди, деб хабар берди «Дарё» нашри.

«Ҳар қандай бизнеснинг ўз қонун-қоидалари бор. Бу нарса айниқса халқаро бизнесда кўпроқ кўзга ташланади. Хорижий компания вакили келганида у шартнома шартларининг сир сақланиши ҳақида биз билан келишади.

Бизнинг хорижий ҳамкоримиз Франциянинг Peugeot Citroen компанияси расмий сайтида «бу борада музокаралар олиб борилаётгани ва янгилик бўлса хабар берилиши» айтилган. Биз эса ушбу жараённи ОАВга кенгроқ тушунтириш мақсадида кўпроқ изоҳ берганмиз.

Биз ўшанда Жиззахдаги завод қуриб битказилганини маълум қилгандик. Завод ростдан ҳам қуриб битказилди. Унинг деворлари қад ростлаган, томи ёпилган, поли бор. Фақат таъмирдан кейин тозалаш ишлари қолгани учун уни кўрган одам битмаган, деб ўйлайди.

Бир нарсани айтишим мумкин, ҳозирда Peugeot Citroen билан ‘Ўзавтосаноат’, Ўзбекистон манфаати нуқтайи назаридан музокаралар олиб борилмоқда.

Peugeot Citroen Ўзбекистондан фойда олиб чиқиб кетишига ишонмади, деган гаплар менимча нопрофессионал. Чунки Peugeot Citroen ўтган йили адашмасам 56 миллион доллар даромад кўрди. Бу баъзи мамлакатларнинг иқтисодидан ҳам кўпроқ пул дегани. Компания ўтган йили 3 миллионта машина сотган.

Бир нарсани тушуниш керакки, Ўзбекистонга келиб завод қурилиши бўйича шартнома имзолашдан олдин Peugeot Citroen компанияси ҳамма таҳлилларни қилиб қўйган. Ўзбекистон бозори, талаби, иқтисоди, техник-иқтисодий асоси бўйича, пулини олиб чиқиб кетадими, йўқми шуни ҳаммасини ўрганганидан кейин бунақа катта корхоналар қўшма корхона тузади. Шунинг учун Peugeot Citroen Ўзбекистон иқтисодига ишонмади, деган гап профессионализмга тўғри келмайди», — дейди Азиз Шукуров.

Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive Ўзбекистондаги эксклюзив корхона бўлиб, 2019 йилдан эътиборан ички ва ташқи бозор учун йилига 16 000 та енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариши айтилган эди.

«Завод — ўзидан ўзи яшайдиган бино эмас. Завод бу бино ва технологиялар дегани. Заводда деворлар ва томдан ташқари технологик асбоб-ускуналар ҳам бўлиши керак. Ҳозирда технология ва технологик қарорларга боғлиқ ҳолатлар ҳали тайёр эмас», — дея қўшимча қилади Азиз Шукуров.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 13 июнь куни «Хорижий инвестициялар иштирокидаги Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive корхонасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди.

Ҳужжатда қўшма корхонанинг устав капитали 29,3 миллион еврони ташкил этиши ҳамда лойиҳа Жиззах вилоятидаги «Жиззах» ЭИЗ ҳудудида амалга оширилиши белгиланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Франциянинг Peugeot Citroen компанияси Ўзбекистонда завод қуриш фикридан қайтдими?