21:49 / 20.02.2019
4 619

Ўзбекистондаги илк пулли трассани қуриш учун жой танланмоқда

Ўзбекистондаги илк пулли трассани қуриш учун жой танланмоқда
Фото: «Дарё»
Бугун, 20 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги пресс-холлида «Ўзбекистонда автомобиль йўллари қурилиши: ютуқ ва муаммолар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон автомобиль йўллари давлат қўмитаси раҳбар ходимлари ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берди. Хусусан, қўмита раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Назаровнинг маълум қилишича, Ўзбекистондаги илк пулли трасса «Тошкент — Самарқанд» йўналишида қурилади. Ҳозирда ушбу масала транспорт вазирлиги, лойиҳалаштириш институтлари билан муҳокама қилинмоқда.

«Барча ривожланган давлатларда пулли хизмат кўрсатувчи муқобил йўллар мавжуд. Айрим мамлакатларда эса бепул муқобили бўлмаган пулли йўллар бор. Мана масалан, бизга қўшни бўлган республикаларда ҳам ана шундай йўлларни учратишимиз мумкин.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, агар пулли йўллар қуриладиган бўлса, албатта уларнинг бепул хизмат кўрсатувчи муқобили ҳам бўлади.

Ҳозирда Ўзбекистон автомобиль йўллари қўмитаси ва транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда пулли хизмат кўрсатувчи йўллар қурилиши масаласи муҳокама қилинмоқда. Биринчи навбатда Тошкент — Самарқанд йўналишида ана шундай лойиҳа барпо этиш масаласи ҳозирда кўриб чиқилмоқда. Бу эса аҳоли ва сайёҳлар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида қилинмоқда. Ҳайдовчиларда ҳар доим танлов ҳуқуқи бўлади. Масалан, кимдир катта тезликда автомобиль бошқаришни истаса, пулини тўлаб, пулли йўлдан фойдаланади. Худди шу йўлнинг бепул муқобили ҳам бўлади.

Ҳозирда ушбу йўлнинг қаерда қурилиши масаласи лойиҳалаштириш институтлари билан ҳамкорликда муҳокама қилинмоқда. Ушбу лойиҳа давлат-хусусий шерикчилик асосида барпо этилади. Биз имкон қадар аҳоли яшаш пунктидан узоқроқда жойлашган, шунингдек одамларнинг уйини бузишга тўғри келмайдиган ҳудудларни кўздан кечирмоқдамиз», — дейди қўмита раисининг биринчи ўринбосари.

Қайд этилишича, ҳозирча пулли трассани қайси инвестор, қайси пудратчи қуриши маълум эмас.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистондаги илк пулли трассани қуриш учун жой танланмоқда