Ғузорда мактаб бузиб ташланди: Ким кимдан норози?

  • 14 март 2019, 15:23
  • 1 459
  • Жамият
  • Ғузорда мактаб бузиб ташланди: Ким кимдан норози?
    Қашқадарё вилояти Ғузор тумани «Халқобод» қишлоғида жойлашган 71-умумий ўрта таълим мактабининг 50 нафарга яқин болалари таҳсил олаётган мактаб филиали жорий йилнинг февраль ойида бузиб ташланди.
    Мактабнинг бошланғич синф ўқувчиларига ҳозирда қаровсиз ва «хароба»га айланган уйда дарс ўтилмоқда.
    Хўш, нега? Аҳолининг эътирозлари нечоғлик тўғри? Мазкур масала бўйича аниқроқ маълумот олиш учун Ғузор томон йўл олдик.

    Қишлоқ мактабига кираверишда (агар бу уйни мактаб дейишга тил борса) исириқнинг ўткир ҳиди димоққа урилади. Аниқланишича, ҳозирда мактабни “ижара учун фойдаланишга” берган уй эгаси исириқ тижоратини йўлга қўйган ва хоналар ҳали тўлиқ қуримаган ҳўл исириқ билан тўлдириб ташланган экан.


    Мактаб нега бузилган?
    Халқобод қишлоғида жойлашган мактаб филиали 1995 йилгача қишлоқ врачлик пункти вазифасини ўтаган. 1995 йилдан кейин мактаб филиали сифатида фаолият кўрсата бошлаган.

    - Мактаб филиали атайин бузиб ташланмаган дейди, 71-умумий ўрта таълим мактаби директори Дилнура Бердимуродова. Биз ота-оналар билан йиғилиш ўтказиб уларни огоҳлантирдик. Эски мактабни бузиб, ўрнига янги мактаб қурилишига келишиб олинди. Қурилиш ишлари якунига етгунга қадар болаларга ҳокимият ва халқ таълими бўлими ходимлари билан биргаликда фуқаро истиқомат қилмайдиган уйга дарс ўтилиши учун шароит яратиб бердик.

    - Мактабни ҳали бузмайлик деб «худони зорини қилдик», -дейди 2-«б» синф ўқитувчиси Дилфуза Отамуродова. Афсуски, февраль ойининг якунига етмай бузиб ташлашди. Энди эса таъмирталаб бўлиб қолган уйда дарс ўтаяпмиз. Аввалги мактабимиз эски бўлсада, бу уйдан анча яхши, хоналари кенг, ёруғ эди.


    Болалар нима дейди?
    Бу йил 1- синфни қаршилаган Диёрбекнинг сира ҳам мактабга боргиси келмайди. Чунки у каби мактаб ўқувчиларига дарс ўтилиши учун шароитлар қониқарли эмас.
    Диёрбек ва унинг синфдошлари билан танаффус вақтида суҳбатлашишга ҳаракат қилиб кўрдик. Болаларнинг фикри салбий. Улар бу мактабда таҳсил олишни асло исташмайди.


    Янгиси қурилмай эскиси бузилган даргоҳ
    Халқобод, Янгиобод ва Наврўзтепада истиқомат қилувчи бошланғич синфга қатнайдиган ўқувчилар масофа узоқлиги, йўлнинг ноқулайлиги ва бошқа бир қатор сабаблар туфайли шу филиалда таҳсил олишаётганди, -дейди биз билан суҳбатда “Халқобод” МФЙ раиси Мейли Раҳимов. Афсуски, мактаб лойиҳага кўра бузиб ташланди, дейишди “юқоридагилар”. Аммо ажратилган ер майдоними ёки аҳолининг норозилигими, хуллас шу туфайли мана феврал ойида бузиб ташланган мактаб қурилиши ҳалигача бошлангани йўқ. Масала юзасидан Ғузор туман Халқ таълими бўлими мудираси Рисолат Эшқобилова билан боғландик.


    Туман ХТБ мудираси Рисолат Эшқобилова:
    Бу вазиятдан хабарим бор. Тўғри, мактаб бузиб ташланди, аммо тез орада қурилиш ишлари бошланади. Бир неча йилдан буён бу мактаб билан ҳеч кимнинг иши бўлмаган. Биласиз, шу кунга қадар таълимга эътибор йўқ эди. Ҳар доим мактабларни ўзим бориб ўрганганман. Бу мактабнинг жойини ажратиш бўйича ҳам ишлар олиб бораяпмиз. Сиз кўчани гапига ишонманг-да, мана мен билан гаплашинг. Мактабнинг қурувчиси ҳам аниқ бўлди, фақат ишни бошлаб олишимиз керак холос.

    Халқ таълими хабардорми?
    - Мактаб филиалининг ҳолати яхши бўлмаганлиги сабабли 2019-йил маҳаллий бюджетдан қайта қуриш учун маблағ ажратилди, -дейди Қашқадарё вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиев. Ҳозирда бу муаммо юзасидан бизда маълумот тўлиқ эмас. Биз эртага 71-мактаб филиалига мутахассис жўнатиб аниқ жавобини айтамиз.

    Юлдуз кўрмай жон бераётган режалар…
    Аслида, юртимизда мактабларда таъмирлаш ишлари апрель-май ойларида бошланади. Бу бир неча йилдан буён давом этиб келаётган яхши анъана. Янги ўқув йилида эса ўқувчилар таълим стандартларига мос жиҳозланган синф хоналарида машғулотларни бошлашади. Аммо, не тонгки, юқорида тилга олган мактаб айни қиш фаслида бузиб ташланди. Режалар яхши, аммо уларнинг юлдуз кўрмай жон бериши ачинарли ҳол холос.

    P/S: Мақолани ёзиш давомида кўплаб мулоҳазалар, мушоҳадалар ва тортишувлар бўлди. Ўз навбатида шуни айтиб ўтмоқчимизки, биз доимгидек холис бўлишга уриндик.
    Дилшод НАБИЕВ,
    Муқаддас ИСМОИЛОВА

    » » Ғузорда мактаб бузиб ташланди: Ким кимдан норози?