00:10 / 15.03.2019
5 301

Кўпкари – эр йигитлар ўйини

Кўпкари – эр йигитлар ўйини
Майдонда ор-номус, ғурур талашиш полвонларнинг қонида бор. Ўзбек йигити болалигидан билагига куч, бошига ақл йиғади. Халқимизда от минишга, кўпкари томоша қилишга қизиқмаган йигит кам бўлса керак.

Кўпкари – кўпнинг иши. Уни ташкил этиш, ғолибларни муносиб баҳолаш, томошага келган элга ош тарқатиш анча мушкул иш. Сайиллар, ҳосил байрамлари, Наврўз ва тўйларда юзлаб чавандозлар иштирокида кенг далаларда завқли ўйинлар уюштирилган. Бу байрамларда кўпкари билан бирга кураш, човғон, арқон тортиш ва хўроз уриштириш каби ўйинлар ҳам ўтказилган.

– Кўпкари – Ўрта Осиё халқлари тамаддунида катта аҳамиятга эга мардонавор ўйин, – дейди тарих фани ўқитувчиси Бекзод Ҳимматов. – Уни ташкил этишда алоҳида тайёргарлик, арзигулик сабаб бўлиши керак. Қадимдан сайиллар, ҳосил ва Наврўз байрамларида умумхалқ ўйинлари қаторида кўпкари ўйналган. Буни чавандозлар яхши билади ва элга томоша кўрсатиб, кўпкари уюштирса, моҳир чавандозларни меҳнатига яраша рағбатлантирса, гўёки муқаддас от пирлари олдидаги қарзларини адо этгандек бўлади.

Кўпкари оддий кўнгилочар ўйин эмас, у эрни эр қиладиган, унда мардлик, жасурлик, эпчиллик ва довюракликни шакллантирадиган жиддий машғулот. Асосий масала совринга қўйилган қимматбаҳо нарса эмас, аксинча, баковулнинг адолати, номдор чавандознинг абжирлиги, ҳақиқат ғалаба қозониши, омад доим мардники бўлишидир.

– Мана қарийб қирқ йилдан буён от чоптираман, – дейди сурхондарёлик чавандоз Азамат Тоҳиров. – Овул ошиб, узоқ йўл босиб ҳудудларда ўтказиладиган кўпкариларга қатнашиб, ўз насибамизга яраша тақдирланаман. Шу вақт ичида кўпкари умримнинг мазмунига айланиб улгурди. Отга меҳрим бўлакча. Сурхон воҳасида азалдан йилқичилик яхши ривожланган, хонадонларда зотдор от боқиш кўпчилик от ихлосмандлари учун оддий ҳолдир. Болалигимдан уйимизда от бўлган. Отам чавандоз бўлмаса-да, от парваришидан хабардор киши эди. Шу туфайли отга меҳр қўйиб, ном қолдирдик. Вилоятларга борсак, “Азамат чавандоз” келяпти, деб илиқ кутиб олади. Мен каби чавандозга бундан ортиқ эҳтиром керак эмас. Энг муҳими, ота-бобомиздан мерос урф-одатларимизнинг оммалашишига ҳисса қўшяпмиз.

Қадим-қадимдан халқаро миқёсда ўйналиб келинадиган кўпкари бироз муддат тақиқларга дучор бўлди. Бугун бу ўйинга нисбатан барча тақиқ ва чекловлар олиб ташланган. Чавандозлар қадларини баланд кўтариб, миллий ва қадимий спорт тури билан шуғулланишда давом этмоқда.

Манба: Uza.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кўпкари – эр йигитлар ўйини