Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Тошкентдаги «снос»лар ҳақидаги мақоладан кейин Guardian’га жавоби

  • 12 апрель 2019, 15:18
  • 675
  • Жамият
  • Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Тошкентдаги «снос»лар ҳақидаги мақоладан кейин Guardian’га жавоби
    Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев The Guardian таҳририятига мактуб ёзиб, унда «Огоҳлантиришсиз кўчириш: Тошкентда уй-жойларни тўсатдан бузиш ғазабга сабаб бўлмоқда» мақоласидан афсусда эканини билдирди. Британия нашри ўз сайтида шаҳар ҳокими мактубини эълон қилган.

    Guardian’нинг ёзишича, «снос»лар натижасида Тошкентда ўз уйидан камида 10 минг киши кўчирилган. Бундан ташқари, 30 минг кишининг уйи бузилиш хавфи остидадир.

    «2,4 миллион одам яшайдиган Тошкентда бузилиш ҳолатларининг аксарияти кўчмас мулк нархлари энг юқори бўлган марказда юз бермоқда. Амалдорлар кўчмас мулк билан махфий битимларда бойиш мақсадида одамларни уйларидан ҳайдаб чиқармоқда. Улар кўпинча бузилишларни оқлаб, ер «давлат эҳтиёжлари учун» зарур эканини билдиришмоқда», - дейилади 2 апрель куни эълон қилинган мақолада.

    «Мен сизларнинг мақолангизни ҳайратда қолиб, афсус билан ўқиб чиқдим», - дея жавоб қайтарган Ортиқхўжаев.

    Унинг сўзларига кўра, мақола муаллифининг одамлар кўчирилиши ҳақида огоҳлантирилмаётгани тўғрисидаги фикр нотўғридир. Уларнинг барчаси хабардор қилинмоқда, деган ҳоким. Бундан ташқари, мақола муаллифи пойтахт маъмурияти билан боғланмаган, бу келтирилган рақамлар тўғрилигини текширишга имкон бермаган.

    «Тошкентда кўчмас мулкни бузиш бўйича исталган ҳаракат ўзидан-ўзи рўй бермаяпти. Бу кўп квартирали уйлар оғир, ярим вайрона ҳолатда бўлганида содир бўлмоқда. Кўп ҳолларда бу туманларда инфратузилма сув таъминоти ва канализация тизимининг тўлиқ янгиланишини талаб қилади», - деб ёзади ўз мактубида Ортиқхўжаев.

    Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон қонунчилигига биноан биноларни бузиш фуқароларни тўлиқ хабардор этмасдан ва товон пули тўламасдан амалга оширилмайди.

    «Биз шаҳримиз аҳолисининг ҳаётини, уй-жой фондининг сифати ва хавфсизлигини яхшилашга ҳаракат қилмоқдамиз. Барча фуқароларга яхшиланган шароитлар таклиф этилди ҳамда ҳеч қандай қонун бузилмади», - дея қайд этган ҳоким.

    Мактуб якунида у Guardian’ни яна Тошкентга ташриф буюриб, шаҳар ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун маъмурият вакиллари билан учрашишга таклиф қилган.

    » » Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Тошкентдаги «снос»лар ҳақидаги мақоладан кейин Guardian’га жавоби