14:16 / 04.05.2019
3 178

Чинозда яна бир молиявий пирамида ташкил этган шахсга жазо тайинланди

Чинозда яна бир молиявий пирамида ташкил этган шахсга жазо тайинланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Чиноз туман бўлими томонидан яна бир молиявий пирамида ташкил этган шахс қўлга олинди.

Департаментнинг Чиноз туман бўлими бошлиғи Азаматхон Сайдавутовнинг «Ҳуқуқ» нашрида ёзишича, Б.Х. пул топишнинг осон ва ноқонуний йўлини танлаб, фуқароларнинг ишончига киради.

У «Аҳмадбой сценарийси» асосида фуқаролардан пул, автомашина, қорамол ва бошқа қимматли буюмларни икки баробар қилиб қайтариш эвазига қабул қилиб олаверади. Вақт ўтгани сайин унинг «мижоз»лари ҳам кўпайиб бораверади. Айнан шунинг ҳисобига Б.Х.нинг фаолияти кенгаяверади.

Ишни шу тариқа давом эттирган Аҳмадбойнинг издоши қисқа вақт ичида 3 миллиард 42 миллион 302 минг сўм пул йиғишга эришади. Мазкур маблағларни легаллаштириш мақсадида дастлаб масъулияти чекланган жамият ташкил қилади ва банкдан ҳисоб рақам очиб, жиноий фаолиятдан олинган 402 миллион 472 минг сўм маблағни «молиявий ёрдам» сифатида киритади. Ташкил этилган МЧЖга 8 дона «Нексия» русумли автомашина сотиб олади.

Йиғилган маблағнинг 248 миллион 996 минг сўмини эса акциядорлик жамияти ташкил қилиб, унинг низом жамғармасини шакллантириш учун банкдаги ҳисоб рақамига киритади. Мазкур маблағ ҳисобидан яна республикада ишлаб чиқарилган 12 та турли русумдаги автомобилларни харид қилади.

Жамиятларга киритилган улушлардан ортганига ўзи учун турли кўчмас мулк объектлари, яъни турли бўш бинолар, қум олиш карьерлари харид қилади.

Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, бу шахсга пул берганлар сони салкам 350 нафарни ташкил этган. Б.Х.га нисбатан фирибгарлик, жуда кўп миқдорда валюта қимматликларини олиш, ўтказиш, ноқонуний тадбиркорлик, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш жиноятларини қасддан содир этиш каби айбловлар билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланди, дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чинозда яна бир молиявий пирамида ташкил этган шахсга жазо тайинланди