14:00 / 07.05.2019
3 090

Солиқ қўмитаси аттестация ва махсус «қора рўйхат» ҳақида

Солиқ қўмитаси аттестация ва махсус «қора рўйхат» ҳақида
Ижтимоий тармоқларда солиқ хизмати ходимларининг айримларини ишдан олиш юзасидан махсус “қора рўйхат” тузилганлиги учун аттестация ўтказилаётганлиги ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлди.

Давлат солиқ қўмитасининг таъкидлашича, бундай гап-сўзлар ҳақиқатга мутлақо зид. Қўмита аттестация жараёни юзасидан тасдиқланмаган турли маълумотлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида аниқлик киритиб ўтишга қарор қилди.

Билдирилишича, аттестация янги солиқ концепцияси ижросини таъминлаш учун ходимларнинг қонун ҳужжатларини қанчалик билиши, профессионал жиҳатдан ўз лавозимига мос ёки мос эмаслигини аниқлаб беришда муҳим аҳамиятга эга. Аттестациянинг биринчи кунида Миробод тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари ўтказилди. Бугун эса навбат бўйича Мирзо Улуғбек тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари аттестациядан ўтишмоқда.

Аттестация ДСҚ томонидан тасдиқланган қатъий қоидалар асосида ўтказилмоқда. Аттестация бошланишидан икки ҳафта аввал савол-жавоблар рўйхати тайёрланиб, корпоратив тармоқда жойлаштирилди. Шунга мувофиқ, солиқ хизмати органлари ходимлари ушбу саволлар доирасида жавоб беради ва шу асосида уларнинг касбий малакаси баҳоланади.

Аттестацияда берилаётган саволлар ходимларнинг ҳар кунлик бажарадиган иши билан бевосита боғлиқ. Уларни баҳолаш юзасидан бошқа ҳеч қандай омиллар қўлланилмаяпти. Бундан ташқари, холисликни таъминлаш ва тортишувли вазиятларнинг олдини олиш мақсадида аттестация жараёнлари видеокамера орқали ёзиб олинмоқда ва ходимлар билан ўзаро суҳбатнинг стенограммаси юритилмоқда.

Аттестациядан ўтиш фақат инспекторларга тегишли бўлиб, у инспекция ва бошқармалар раҳбарларига тааллуқли эмас.

Агар ходим аттестация натижаларидан норози бўлса, у ҳолда 10 кун ичида комиссияга мурожаат қилиши мумкин. Аттестациядан ўта олмаганлар ҳеч қандай ишдан бўшатилмайди, балки фақат лавозим даражаси пасайтирилади.

Аттестация ўтказишдан асосий мақсад – юқори лавозимларда ишлашга лойиқ ва солиқ соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўша оладиган кучли ва малакали мутахассисларни аниқлаб олишдан иборатдир. Аттестация июнь ойининг охиригача давом этади, дейилади ДСҚ матбуот хизмати хабарида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Солиқ қўмитаси аттестация ва махсус «қора рўйхат» ҳақида