Журналистнинг таклифи Алламжоновнинг энсасини қотирди

  • 16 май 2019, 09:50
  • 1 393
  • Жамият
  • Журналистнинг таклифи Алламжоновнинг энсасини қотирди
    Фото: «Kun.uz»
    15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий суд билан ҳамкорликда «Суд органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш» мавзусида давра суҳбати ўтгани ҳақида хабар бергандик.

    Тадбирда суд органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш юзасидан ўз таклиф мулоҳазаларини билдирар экан, бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси газетаси ходими бўлган журналист хатога йўл қўйган оммавий ахборот ходимларига нисбатан жазо чораларини кучайтиришни таклиф қилди.

    Таклиф ёқса-ёқмаса, буям бир фикр-да. Фикрга қараб унинг эгаси салоҳиятини тасаввур қилаверасиз. Майли, гап бунда эмас. Гап унга қандай муносабат билдирилганида. Тадбир қатнашчиларининг аксарияти таклифдан пешонаси тиришиб турганда агентлик раҳбари Комил Алламжонов босиқлик билан шундай деди: «Журналистларга узоқ вақт давомида эркинлик берилмаганда эди, ҳозир жазо берсак бўлар эди. Ҳозир сайтларимиз, газеталаримиз танқид қилишгани, бошқачароқ айтганда «чақиб, чақиб олишлари» ортидан ижобий ишлар кўзга ташланяпти.

    Биз энди матбуотга йўл очяпмиз. Шу пайтда уларни жазолаш масаласига келсак, кечирасиз-у қонунда ҳаммаси ёзиб қўйилган... Журналистлар эркин ишлаши керак. Унинг ижод эркинлиги мавжуд. Уни ёз, буни ёз дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Буни ўзининг таҳририят сиёсатига қараб белгилайверади. Яна бир бор айтаман: эркин сўз, бемалол гапиринг, танқид қилинг, қўрқманг, лекин ҳар бир гапингизга масъулиятни ҳис қилинг. Бутун жаҳонда шундай».

    Фикрлар

    » » Журналистнинг таклифи Алламжоновнинг энсасини қотирди