10:16 / 18.05.2019
3 067

Энди мурожаатлар уч поғонали принцип бўйича кўриб чиқилади

Энди мурожаатлар уч поғонали принцип бўйича кўриб чиқилади
Фото: ЎзА
«Тараққиёт стратегияси» марказида Президентнинг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди, деб ёзади ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.

Фармон билан ҳар бир ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилиб, унга бир қатор вазифалар юклатилди.

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторларни қабул қилиш, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя қилиниши таъминланади. Тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалалар кўриб чиқилади. Таъмагирлик ва коррупция ҳолатлари бўйича дарҳол прокуратура органлари хабардор қилинади. Тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилиш, умумлаштириш, мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш, қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Эндиликда тадбиркорлик субъектларини ҳамда хорижий инвесторларни, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида қабул қилиш, шунингдек, сайёр қабуллар ўтказиш йўлга қўйилади. Қабул жадвал бўйича ҳар куни ўтказилади.

«Мурожаатларни ҳал қилиш «туман (шаҳар) — вилоят — республика» уч поғонали принципи бўйича кўриб чиқилади. Тадбиркорлар ишининг ҳолати тўғрисидаги ахборот тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида муҳокама қилинади. Ушбу ахборот бўйича масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади. Бундан ташқари, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш учун қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш мақсадида самарали платформа «business.gov.uz» ягона интерактив портали ишга туширилади», — дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Фурқат Тожиев.

Шунингдек, порталда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни автоматик режимда аниқлаш имконини берувчи тадбиркорлар мурожаатларининг тизимлаштирилган ягона маълумотлар базаси яратилади. Қайд этиш жоизки, мазкур фармонда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали тадбиркорлик субъектлари билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини самарали рўёбга чиқариш ҳамда муаммоли масалаларни ҳал этиш каби ижобий натижаларга эришилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди мурожаатлар уч поғонали принцип бўйича кўриб чиқилади