23:15 / 14.06.2019
2 973

Бош прокуратура: Юсупов иши бизнинг иш юритувимизда эмас, назоратимизда

Бош прокуратура: Юсупов иши бизнинг иш юритувимизда эмас, назоратимизда
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган «2019 йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнида прокуратура органлари фаолияти» мавзусида брифинг бўлиб ўтди. Асосан савол-жавоблардан иборат брифингда журналистлар томонидан бир қатор масалалар кўтарилди.

Бу саволларга прокуратура органи ходимлари томонидан имкон қадар батафсил жавоблар берилди.

10 май куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) назарда тутган жиноятни содир этганликда айбланиб қўлга олинган Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов асосий мавзулардан бири бўлди.

«Жиноят-процессуал кодексининг 345-моддасида қайси орган қайси ҳолатда кўриб чиқиши мумкинлиги келтириб ўтилган. Унда 168-модданинг (фирибгарлик) иккинчи ва учинчи қисмларида ички ишлар органлари ваколатидалиги белгиланган. 168-модданинг 4-қисми «а» банди бўйича қайси орган ишни олиб бориши келтирилмаган. Жиноят-процессуал кодексимизда жиноятлар борки, тегишлилиги кўрсатилмаган. Бундай ҳолатларда жиноят ишини қўзғатган орган терговни олиб боришга ҳақли ҳисобланади. Бу шахс айнан Давлат хавфсизлик ходимиман деган важ билан жабрланувчилардан катта суммада пул олган.

Мана шу аргумент юзасидан ҳам Давлат хавфсизлик хизмати тергов олиб бормоқда. Унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Бу иш юзасидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган. Бош прокуратура қабулхонасига Саид-Абдулазиз Юсуповнинг онаси мурожаатидан сўнг, назорат қилувчи прокурор томонидан тиббий ва комиссиявий экспертиза тайинланди. Бундан ташқари, ортиқча тушунмовчиликлар бўлмаслиги туфайли ҳам тиббий экспертиза ва комиссиявий экспертиза ўтказилди. Уларнинг натижалари яқин кунларда эълон қилинади», дея маълумот берилди Юсупов иши нега ДХХ томонидан кўриб чиқилаётгани тўғрисидаги саволга жавобан.

Журналистлардан бири «Саид-Абдулазиз Юсуповнинг жиноий шериклари бўлган-бўлмагани» ҳақида сўради.

«Ушбу тергов ҳаракатларида шахсан қатнашмаганман. Менга берилган маълумот доирасида маълум қилишим мумкин. Унинг жиноий шериклари ҳақида бирор маълумот беролмайман», дея жавоб қайтарди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова.

«Бу иш тафсилотларини аниқлаш бу тергов жараёнида аниқланадиган ҳолат. Бу иш бизнинг назоратимизда. Лекин бу бизнинг иш юритувимизда дегани эмас. Ўйлайманки, Саид-Абдулазиз Юсупов иши бўйича суд ўзининг муносабатини беради. Айблов хулосаси ўрганилади. Суд муносабатидан сўнг, бу масалага қайтиш тўғри бўлади», дея Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

10 май куни Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб ушланган ва ДХХ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.

12 май куни ДХХ Тергов бошқармаси томонидан С.Юсупов жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бироз аввалроқ Бош прокуратура Саид-Абдулазиз Юсуповга қийноқ қўлланилганини рад этганди.

Республика Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали томонидан ўтказилган 16 майдаги хулосасида, С.Юсуповда қон-томир касаллиги аниқланган бўлсада, айбланувчининг саломатлиги ҳолати унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўлланилиши ва тергов ҳаракатларида иштирок этишига тўсқинлик қилмаслиги кўрсатилган.

7 июнь куни айбланувчи С.Юсуповнинг онаси Ж.Бакаева Бош прокуратура раҳбарияти қабулида бўлиб, тергов жараёнида ўғли жисмоний қийноққа солинаётганлиги ҳақида мурожаат қилган ва ўғлини унинг ҳимоячиси иштирокида тиббий кўрикдан ўтказишни сўраган.

8 июнда Бош прокуратура томонидан ҳимоячи А.Шаймардонов ва тергов устидан назорат олиб борувчи прокурор Д.Рахматуллаев иштирокида мутахассис-шифокорларни жалб қилган ҳолда айбланувчи С.Юсупов тиббий кўрикдан ўтказилганда, унинг танасида бирон-бир тан жароҳати ёки қийноқ аломатлари аниқланмади.

С.Юсупов ўз ҳимоячиси А.Шаймардонов иштирокида ихтиёрий берган ёзма тушунтиришида унга нисбатан тергов жараёнида ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ўтказилмаганлигини, ҳозирда касаллиги бўйича тегишли дори воситалари ва тиббий муолажаларни ўз вақтида олаётганлигини билдирди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бош прокуратура: Юсупов иши бизнинг иш юритувимизда эмас, назоратимизда