22:15 / 26.07.2019
2 962

300 минг нафар пенсионер пенсиясини пластик картада олади

300 минг нафар пенсионер пенсиясини пластик картада олади
Бугун, 26 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида Пенсия жамғармаси томонидан президентнинг 2019 йил 12 июлдаги ПФ-5765-сон «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳиятига бағишланган матубот анжумани ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири «Юқоридаги фармондан келиб чиқиб, республика бўйича бир ойлик пенсия миқдорида қанча ўзгариш бўлади, яъни бу фармоннинг рақамлардаги ифодаси қандай?» деган саволига Пенсия жамғармасининг Маблағларни бошқариш ва ҳисобини юритиш бошқармаси бошлиғи Нуриддин Шадиходжаев шундай жавоб берди: «Аслида бюджет параметрларида пенсияларни 7 фоизга ошириш кўзда тутилганди.

Аммо президент ташаббуси билан бу кўрсаткич 10 фоизга оширилди. 2019 йилнинг 1 августига қадар ҳар ой пенсиялар учун 2,1 трлн сўм маблағ сарфлаб келинган. 1 августдан бошлаб бу суммага яна ўн фоиз, яъни 210 млрд сўм қўшилади.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилгани, жумладан II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларнинг пенсиясига устама миқдори ҳозирги энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилгани, I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчи, шу жумладан 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронларига энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида, яъни 55 750 сўм миқдорда ойлик қўшимча тўловлар жорий қилингани каби ислоҳотлар туфайли йил охирига қадар яна қўшимча 53 млрд сўм маблағ ажратилади».

«Пенсионерларнинг неча нафар пластик карталардан фойдаланади?» дея сўралганида Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Шуҳратжон Давронов жавоб қайтарди: «Пенсионерларнинг ўз пенсияларини олишда пластик карталаридан фойдаланишлари ихтиёрий, яъни ҳеч ким бунга мажбурлай олмайди. Ҳамма ўзига қулай вариантни танлаши мумкин. Бугунги кунда пластик карталардан фойдаланишдаги қатор имкониятлар учун 300 мингдан ортиқ пенсионерларимиз ўз пенсияларини пластик карта орқали олишни маъқул кўрган».

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 300 минг нафар пенсионер пенсиясини пластик картада олади