16:46 / 31.07.2019
2 585

Алламжонов: «Снос»лар туфайли халқимизда тушкунлик, норозилик кайфияти кучайиб бормоқда

Алламжонов: «Снос»лар туфайли халқимизда тушкунлик, норозилик кайфияти кучайиб бормоқда
Фото: Instagram / @k_allamjonov
Кеча, 30 июль куни Бош вазир Абдулла Арипов ОАВ ва Ахборот хизматлари аҳволи бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди, деб ёзади «Қўшни маҳалла» Telegram канали.

Селекторда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов сўзга чиққан ва бугуннинг энг долзарб мавзуси — снослар ҳақида фикр билдирган.

«Снослар — аслида ўта эҳтиёткорлик билан қилиниши керак бўлган ишлар эди. Президентимизнинг ‘Обод қишлоқ’, ‘Обод маҳалла’ каби бунёдкорлик лойиҳаларининг мақсади бузғунчилик эмас балки, бунёдкорлик. Расво аҳволни тузатиш. Одамларни хурсанд қилиш. Лекин Тошкент шаҳридаги, куни кеча Хоразм, Қашқадарё вилоятларидаги снослар, инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши оқибатида матбуотни жунбушга келтирди. Натижада халқимизда тушкунлик, норозилик кайфияти кучайиб бормоқда ва энг ачинарлиси, ушбу ҳолатлар бугунги ислоҳотларни обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда. Ўз вақтида, зудлик билан кўрилмаган чоралар, масалани баттар газак олдириб юборяпти.

Балки авваллари ҳам вилоятларда шундай ишлар бўлгандир, лекин интернет бўлмаган, ҳеч ким буни билмаган ва одамлар ўзининг ёғига қоврилиб юраверган. Ҳозир интернет асрида, агар 20 миллион телефон фойдаланувчиси бўлса, уларнинг ҳар бири блогер, уларнинг ҳар бири матбуот учун кўмакчи. Беркитиб юрадиган замонлар ўтди энди. Хоҳласак ҳам бундай бўлмайди. Энг чекка қишлоқдаги воқеалар ҳам тез тарқалади.

Муаммоларга ўз вақтида ҳокимлар, вазирлар реакция қилмаса масала дарҳол матбуотга чиқиб кетяпти. Энг ачинарлиси, одамларимиз хорижий матбуот орқали муаммони ҳал қилишга ўрганяпти. Бу орқали бизга дўст бўлмаган матбуотни ўз қўлларимиз билан ривожланишига, уларга Ўзбекистонни обрўсизлантириш учун ажратилган маблағларини ортиғи билан оқлаб бераётганимизни тушунишимиз керак. Ўзимизда матбуот ривожланса, ўзимиз зудлик билан масалага жавоб берсак, чет эл оммавий ахборот воситасининг кераги ҳам бўлмайди.

Тошкент шаҳар ҳокимидан қаттиқ илтимос қилардикки, снослар жараёнида тадбиркорларнинг ҳуқуқи халқнинг ҳуқуқидан, манфаатидан устун бўлмаслиги керак. Агар бу йўналишда қандайдир жиддий регламент ишлаб чиқилмаса, бу кетишда оқибати ёмон бўлиши мумкин.

Одамлар дардига зудлик билан матбуотда тушунтириш берилмас экан, матбуот билан мустаҳкам ишланмас экан, барча ҳаракатларимиз бир пул бўлиши, давлат идоралари обрўсига жиддий зарар етиши мумкин, — деб айтган Алламжонов Вазирлар Маҳкамасида ўтган видеоселектор йиғилишида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Алламжонов: «Снос»лар туфайли халқимизда тушкунлик, норозилик кайфияти кучайиб бормоқда