21:50 / 07.08.2019
3 480

Тиббиёт коллежларига қабул тартиби ўзгарди

Тиббиёт коллежларига қабул тартиби ўзгарди
Ўзбекистон Президентининг 2018 йилнинг 25 январдаги «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2018 йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорлари ўрта махсус тиббий таълим тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштиришга замин яратмоқда. Айни пайтда мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда жорий ўқув йилида тиббиёт коллежларига ўқишга қабул қилиш тартиби қандай бўлади? Қабул жараёнида қандай янгиликлар кўзда тутилган? Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва таълим бош бошқармаси мутахассиси Лутфия Юсупова шу каби саволларга жавоб қайтарди.

«Тиббиёт коллежлари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, ўқиш муддати 3 йилдан 2 йилга қисқартирилди. Илгари тиббиёт коллежларига ўрта мактабларнинг 9 синф битувчилари қабул қилинган бўлса, жорий 2019/2020 ўқув йилидан мактабларнинг 11 синф битирувчилари қабул қилинади. Шунингдек, янги «тиббий-ижтимоий иши» йўналишида таълим бир ярим йиллик этиб белгиланди. Эндиликда ёшларимиз тиббиёт коллежларида ҳамширалик иши, фармация, тиббий профилактика иши, стоматология иши, фельдшерлик иши, фельдшерлик-лаборатория иши, тиббий-ижтимоий иши каби 7та йўналишда малакали мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имкониятига эга бўлди», дейди у.

У тиббиёт коллежларига янги ўқув йилида қандай квоталар белгилангани ва имтиҳон жараёни қай тартибда ўтказилишига ойдинлик киритган.

«Айни пайтда бу ҳақда тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга асосан 2019/2020 ўқув йили учун ҳам ҳудудлардаги тиббиёт коллежларининг эҳтиёжи ва қамровига қараб давлат комиссияси қарори асосида квоталар ажратилиши режалаштирилган. Унга кўра, агар ўқиш истагини билдирган абитуриентлар сони белгиланган квоталардан ошиб кетса, қабул жараёни имтиҳон асосида ўтказилади. Тайёрланган лойиҳага кўра, бундай ҳолатларда ўқувчилар таълимнинг учта фан йўналиши — кимё, биология, она тили ва адабиёт фанларидан ёзма шаклда имтиҳон топширади.

Ҳар бир фан учун алоҳида-алоҳида имтиҳон кунлари белгиланади. Ёзма имтиҳон саволлари давлат комиссияси маркази ходимлари томонидан тасдиқланган билет варақалари кўринишида бўлиб, ўқувчига ушбу ёзма ишлар учун 2 соат вақт ажратилади. Имтиҳоннинг эртаси куни жавоб варақалари махсус эълонлар ойнасига илиб қўйилади. Натижаларга кўра, ўқишга қабул қилинган ўқувчилар давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида таълим олишади.

Абитуриентлар мутахассислиги ва касби, ўқитиш тили, таълим муассасасини тугатгани тўғрисидаги маълумотни кўрсатган ҳолда таълим муассасаси раҳбари номига ариза, паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, умумий ўрта таълимни тугатганлик ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, 3,5-4,5 ўлчамдаги 6та фотосурат тақдим этишади.

Бу йилда тиббиёт коллежларида иккинчи мутахассислик учун алоҳида ўрин ажратиш кўзда тутилмаган. Аммо иккинчи мутахассислик бўйича таълим олиш истагидаги фуқаролар, барча абитуриентлар қатори ажратиладиган квоталар асосида белгиланган тартибда имтиҳон топширишлари мумкин.

Жорий ўқув йилидаги қабул жараёни учун барча тиббиёт коллежларида қабул комиссиялари тузилган. Ота-оналар ҳамда ўқувчилар қабул билан боғлиқ барча саволларга қабул комиссияси орқали батафсил маълумот олишлари мумкин. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фан ва таълим бош бошқармасининг (71) 241-16-91 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин», дея Лутфия Юсупованинг сўзларини келтиради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг телеграмдаги канали.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тиббиёт коллежларига қабул тартиби ўзгарди