14:14 / 10.08.2019
3 297

Аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак?

Аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак?
Кўп йиллик дастурлар, амалга оширилаётган тизимли ўзгаришлар ва белгилаб олинаётган режалар манзил аниқ бўлсагина, юқори самара беради, деб ёзмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева парламент сайтида. Қуйида унинг аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги фикрлари келтирилади.

Тасаввур қилинг, қўлингизда Ўзбекистон харитаси ва унга қараб ҳудудларга доир бирламчи маълумотларни айтиш мумкин. Масалан, Қорақалпоғистонда қанча аҳоли яшайди, Хоразмда бандлик масаласи қай аҳволда, Сурхондарёда нечта таълим муассасаси бор, Фарғона водийсида аҳоли зичлиги қандай ва шунга ўхшаш бошқа муҳим маълумотлар. Бироқ бундай юзаки ва тахминий кўрсаткичлар билан бугунги жадал ривожланиш ва ислоҳотлар даврида узоқни кўзлаб ниманидир режа қилиш қийин, албатта.

Аксинча, қўлимизда ҳар бир ҳудудга доир аниқ фактлар бўлса, режаларимиз ҳам, амалларимиз ҳам манзилли ва пухта бўлади. Олдингидек, даланинг ўртасига ҳайҳотдек коллеж қуриб қўйиш каби пала-партиш ҳолатлар учрамайди. Айнан шунинг учун бизга бутун республикани қамраб оладиган ишончли маълумотлар керак ва улар тадрижий равишда янгиланиб борилиши шарт.

Бундай аниқ ва яхлит маълумотлар эса аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Шунга қараб ўтмиш ва бугун ҳақида фикр-мулоҳаза юритиш ҳамда келажакни фаразлаш мумкин. Шунингдек, бу аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, оилавий ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақида маълумот олишнинг ягона манбаи ҳамдир.

Мустақиллик даврида бирор марта бу жараён ўтказилмаган
Маълумки, БМТнинг “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Айни пайтда МДҲ мамлакатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган. Жумладан, жорий йилда Озарбойжон, Беларусь ва Қозоғистонда, 2020 йилда Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Россия ва Украинада аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилади.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта бундай ҳисоб-китоб ишлари олиб борилмаган. Бундай саноқ сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи, 1989 йилда ўтказилган эди. Ҳолбуки, халқаро тажрибадан маълумки, кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш тадбири камида ҳар ўн йилда бир маротаба ташкиллаштирилиши анъанага айланган. Республикамизда ҳам энди ана шундай муҳим жараён йўлга қўйилади. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Хўш, мазкур фармон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепцияси доирасида қандай ишлар амалга оширилади? Аслида рўйхатга олиш нима учун керак? У неча босқичда ўтказилади?

Мазкур тадбир бизга нима беради?
Аҳоли сонини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барчага тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил ва эълон қилишнинг ягона жараёнидир. У аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб, келгуси 10-20 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади. Аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.

Ўз навбатида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот тарзида фойдаланилади. Аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш бўйича расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди.

Рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?
Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчиси, тайёргарлик босқичи бўлиб, уч йилга яқин вақт давом этади. Иккинчиси, асосий босқич бўлиб, бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади. Бу тахминан икки ой муддатни ташкил этади. Сўнгги босқич қарийб уч йил давом этиб, олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилиниб, натижалар эълон қилинади.

Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади. Яъни бундан бу ёғига қоғозбозликдан воз кечиб, замонавий технологияларни жорий этишга эътибор қаратилади.

Ўзбекистоннинг мукаммал кадастр харитаси яратилади
Аҳолини рўйхатга олиш баробарида яна бир муҳим вазифани бажариш кўзда тутилган. Бу — ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш билан боғлиқ масала.

Турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаб бўлган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларни қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Бир сўз билан айтганда, республиканинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади.

Режа аниқ, вазифа масъулиятли
Кейинги уч йил давомида масъул мутасаддиларни қайноқ иш жараёни кутиб турибди. Уларни муваффақиятли бажариш билан Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти, шаҳари, туманидан тортиб маҳалласи-ю кўчасига, чекка қишлоқ ва олис овулларигача алоқадор бўлган барча маълумотларни ўзида акс эттирган ягона ахборот базасига эга бўламиз. Бу қимматли маълумотлар эса бизга бугун, эртага ва яқин келажакда жуда асқатади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак?