22:47 / 23.09.2019
5 840

Хоразм вилояти ИИБ Урганчнинг Хонқа кўчасида юз берган ҳодисалар юзасидан баёнот берди

Хоразм вилояти ИИБ Урганчнинг Хонқа кўчасида юз берган ҳодисалар юзасидан баёнот берди
Хоразм вилояти ИИБ 23 сентябрь куни вилоятда юз берган ва видеолари ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирди. Вилоят ИИБнинг расмий муносабати билан қуйида тўлиқ танишиш мумкин.

Хоразм вилояти Гурлан туманида яшовчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Маҳмуд Ражапов бугунги кунда ўзига нисбатан Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувидаги Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида, терговдан қасддан бош тортмоқда ва ўзининг ушбу мақсадини амалга оширишда яқин қариндошларини, ҳатто ёш болаларни ҳам жалб қилмоқда.

Жумладан, Маҳмуд Ражапов Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан терговга бир неча маротаба чақирилишига қарамасдан, терговга келишдан бўйин товлаган. 2019 йил 20 сентябрь куни тергов гуруҳи томонидан Маҳмуд Ражапов билан тергов ҳаракатлари ўтказиш учун унинг уйига борилганда, у ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармасдан, келгусида ҳеч қандай тергов органларига бормаслигини билдириб, ўзининг атрофига яқин қариндошлари ва оила аъзоларини ҳам тўплаб, ички ишлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришларига тўсқинлик қилган ва бу жараёнларни уяли телефони орқали видеога олиб, Facebook’даги саҳифасига жойлаштирган.

Шунингдек, Маҳмуд Ражапов ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали аҳолини давлат органларидан норози бўлишга ундовчи турли хил вазиятларни ёритиш билан шуғулланувчи, 1987 йилда туғилган Нафосат Оллашкуровани жалб этиб, кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортиш, аҳоли ўртасида давлат органларига ишончсизлик уйғотиш орқали ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг тугатилишига эришиш мақсадида, 22 сентябрь куни соат 16:00 ларда оила аъзолари ва яқин қариндошларини тўплаб (жами 12 киши), Тошкент шаҳрига бориб, ИИВ раҳбарияти билан учрашишини айтиб, Гурлан туманидаги уйидан пиёда йўлга чиққан.

Улар йўлнинг қатнов қисмида пиёда юриб, транспорт воситаларининг ҳаракатига халал берганликлари сабабли, улар билан боғлиқ салбий ҳолатлар келиб чиқишини олдини олиш мақсадида уларнинг ёнига Гурлан тумани ҳокими ва Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи шахсан келиб, улар билан учрашиб, бу хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф эканлигини, уйларига қайтишларини тушунтирган бўлсалар-да, улар ушбу талабларга риоя этмасликларини билдириб, бу жараёнларни ҳам Нафосат Оллашкурова Facebook’даги «Шабнам Оллошкурова» номли саҳифасида ижтимоий тармоқдаги дўстлари сафига қўшилган фойдаланувчилар эътиборига тўғридан-тўғри видео орқали етказиб борган.

Маҳмуд Ражапов ўзига ҳамроҳлик қилаётган оила аъзолари ва яқин қариндошлари билан 23 сентябрь куни Урганч шаҳрининг Хонқа кўчасида йўлнинг қатнов қисмида транспорт воситаларининг ҳаракатига тўсқинлик қилиб, аҳолини эътиборини тортиш ниятида пиёда юриш орқали ўзларининг норозилигини намоён этди ва ушбу ҳолатларни Оллашкурова ўз саҳифасида жонли тарзда ёритиб борди.

Улар билан Урганч шаҳар ҳокими учрашиб, намойишларни ўтказиш учун тегишли тартибда рухсат олиш кераклигини ва бу намойишлар бошқа шахсларнинг кундалик турмуш тарзига салбий таъсир этмаслиги лозимлигини тушунтирган бўлса-да, улар давлат органларини обрўсизлантиришга, фуқароларнинг уларга ишончини йўқотишга қасддан ҳаракат қилиб, шовқин-сурон кўтариб, омманинг эътиборини ўзларига қаратишга уринди ва бу жараёнларни тўлиғича ижтимоий тармоқларда жонли тарзда ёритиб борди.

Маҳмуд Ражапов ва унга ҳамроҳлик қилган оила аъзолари ҳамда яқин қариндошларининг қонунга хилоф ушбу ҳаракатларига чек қўйиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳудудий ички ишлар бўлимига келтирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Маҳмуд Ражаповнинг 22—23 сентябрь кунлари автомобиль йўлларида пиёда юриш орқали намоён этган норозилигини яқин қариндошлари ва оила аъзоларидан бошқа бирор-бир фуқаро қўллаб-қувватламади ва унга ҳамроҳлик қилмади.

Шу ўринда, йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик учун амалдаги қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланганлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хоразм вилояти ИИБ Урганчнинг Хонқа кўчасида юз берган ҳодисалар юзасидан баёнот берди