21:20 / 29.09.2019
2 203

50/50 ёки бизнесдаги тенгшерикчилик: муваффақият калитими ёки режаларнинг барбод бўлиши?

50/50 ёки бизнесдаги тенгшерикчилик: муваффақият калитими ёки режаларнинг барбод бўлиши?
Ислом молияси телеграм каналида тадбиркорлик фаолиятидаги бизнесдаги тенгшерикчилик ҳақида мақола эълон қилинди. Қуйида ўша мақолани ўқишингиз мукин.

Мукаммал дунёда шерикчиликдаги бизнес эгалари, яъни ҳамкорлар ўзаро бизнес муносабатларининг ҳар бир жиҳатини ҳисобга олиб, ҳамма нарса ҳақида олдиндан келишиб оладилар ва буни ҳужжатлаштириб қўядилар. Аммо биз яшаётган олам мукаммалликдан йироқ ва бу бизнесда ҳам ўз аксини топади. Тадбиркорликка киришарканмиз шеригимиз билан ҳамма масалаларни қоғозга тушириш у ёқда турсин, оғзаки келишувни ҳам ортга сурамиз ва 50/50 дея бошланган ҳамкорлик муносабатларини боши берк кўчага киритиб қўямиз.

Одатда бундай тенгшерикчилик дўстлар ёки қариндошлар ўртасида бўлади. Аксарият ишбилармонларнинг фикри шундай – энг қулайи икки кишилик тенгшерикчилик. Бунинг бир нечта сабаби бор:
- “битта калла яхши, иккита калла ундан яхши”;
- бизнесга якка киришиш хатарли, икки киши бўлса ҳарқалай хатар ҳам икки баравар камаяди;
- ҳар бир томоннинг ўз кучли жихатлари бор (яъни бир томон иккинчи томонни тўлдириб туради);
- ва энг муҳими бизнесга тикиладиган маблағ ҳар бир томон учун икки баробарга камаяди.

Ҳамкорларнинг дўстлиги ёки қариндошлиги кўнгилга таскин беради – ахир ҳаммасини биродарлардек келишиб кетиш мумкинда. Айниқса, мўлжалдаги лойиҳадан катта фойда келишини тасаввур қилинса борми... хуллас ҳаммаси ажойиб.

Аммо тез орада 50/50 услубининг барча салбий жиҳатлари бўй кўрсата бошлайди. Мисол учун, дўстлардан бири таваккал қилишни хуш кўради, иккинчиси эса, табиатан эҳтиёткор, бир томон оила қуради ва ишга кўп вақт ажрата олмай қолади. Табиийки, иккинчи томонга кўпроқ юк тушади ва албатта у бу ҳолатни ноҳақлик деб ҳисоблашни бошлайди, аста-секин унинг бу ишга қизиқиши сўнади, иккинчи томон аравани бир ўзи тортишига тўғри келади ва ҳоказо.

Келинг, нафақат бизнесни, балки узоқ йиллик қариндош-уруғчиликни ҳам барбод қилишга қодир эҳтимолий зиддиятларни бирма-бир таҳлил қилиб чиқамиз:

1. Вазифалар аниқ бўлиб олинмаган. Ҳар икки томон “ҳамма ишлар” билан баравар шуғулланиб кетаверади. Ким нима иш қилганини тайини бўлмайди. Охир-оқибат томонлар бизнесни ривожлантиришга эмас, ким нима қилганини аниқлаштиришга кўпроқ куч сарфлашни бошлашади;

2. Ўртадаги айланма маблағдан шахсий мақсадлар учун қанча улуш ёки қарз олиш мумкинлиги борасида зиддиятлар келиб чиқади;

3. Ҳамкорлар ким кўпроқ, ким камроқ иш қилаётганлиги ҳақида ўзаро шубҳа-гумонлар тўрига ўралиб борадилар. Кимгадир шеригининг оддий ходим каби оддий ишларга ўралашиб қолгани ёқмаса, иккинчиси дўсти ўзини раҳбардек тутиб, кундалик вазифаларни бажармаётганидан хафа. Бир тараф бизнес айнан унинг ғояси асосида ташкил топганига амин бўлса, иккинчи шерик унинг меҳнатларигина ҳамкорликни сақлаб турганига ишончи комил. Айниқса фойдани тақсимлашда зиддият яққол юзага чиқади ва муносабатларга дарз кетади;

4. Масаланинг маънавий жиҳатлари ҳам бисёр. Ҳамкорлардан бири иш ривожи учун кимгадир пора беришни зарур деб ҳисобласа, иккинчисининг виждони буни асло қабул қила олмайди. Кимдир қарз ёки кредитни кўпроқ олишни ёқлайди, бошқа томон эса кредит олиш ва фоиз тўлашга тоқати йўқ;

5. Ҳужжат юритишда камчиликларга йўл қўйиш, масалан ҳисоботларда ниманидир (масалан қарздорлар/насияга мол олганлар, қилинган чегирмалар рўйхати ва ҳоказо) қайд этмаслик туфайли ҳамкорлар ўзларининг умумий молиявий ҳолатларини тўғри баҳолай олишмайди ва шу туфайли тўғри қарорлар қабул қила олишмайди, бу эса охир оқибат томонлар ўртасида турли тушунмовчилик ва эътирозлар туғилишига сабаб бўлади;

6. Бизнесдаги тенгшерикчилик мулкка эгалик ҳиссини сусайтиради. Бир қарашда бизнес эгалари бордек, аммо уларнинг ҳеч бири ўзини юз фоиз мулк соҳиби деб ҳисоблай олмайди. Бунинг ортидан томонларда жавобгарлик ҳисси ҳам камаяди, масъулиятни ҳис қилмайдиган бўлиб қоладилар. Юзага келган вазият ишга салбий таъсир қилмай қолмайди;

7. Ўзаро келишилган бизнес қарор қабул қилиш (масалан маблағларни бирор бир янги бизнес ғояни амалга ошириш каби) жуда оғир бўлади ёки буни бутунлай иложи бўлмайди, чунки томонларнинг бизнесдаги улуши тенг, бирор жиддий қарор қабул қилиш учун эса икки томоннинг розилиги керак;

8. Лойиҳани сотиб юбориш ҳам осон эмас. 50 фоизли улушни харид қилишни кўпчилик хоҳламайди, сабаби бу ҳолатда бизнесни тўлиқ назорат қилиб бўлмайди, бунинг устига бизнесни бўлишнинг ўзи ҳам осон эмас, чунки бунда нафақат ўртадаги мол-мулкни, балки шаклланган мижозлар базаси, йўлга қўйилган ишлар, ходимлар ва брендни ҳам бўлиш керак бўлади, бизнес сотилиши даражасига келиб қолган зиддиятли вазиятда эса буни амалга ошириш ғоят мушкул;

9. Бўлиниш жараёнида ўртада йиғилиб қолган бошқа муаммолар ҳам юзага чиқади.

Хуллас вазият асаби бўш одам кўтарадиган вазият эмас.

Агар сиз юқорида кўрсатиб ўтилган тенгшерикчилик муаммоларидан биттасига бўлса ҳам дуч келган бўлсангиз ёки энди шундай тенгшерикчилик фаолиятини бошламоқчи бўлиб турган бўлсангиз унда бизнинг сизга биринчи маслаҳатимиз – ўзаро ҳамкорлик келишуви тузинг ва бунда ўзаро ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳатларини қоғозга туширинг. Бошида келишув қийин бўлади, аммо буни вақтида қилмасангиз, ҳам бизнесни, ҳам ўзаро муносабатларни хавф остига қўясиз. Агар сиз тадбиркорлик фаолияти билан ҳеч бўлмаса бир йил шуғулланаган бўлсангиз, унда сизнинг ўзингизда ҳам бу борада анча-мунча тажриба йиғилган ва сиз нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида тушунча ҳосил бўлган.

Асосийси вазиятни шу ҳолатда қолдирманг.

Мана энди, тенгшерикчилик билан боғлиқ қийин вазиятлардан чиқишнинг бир қатор усулларини таклиф қилишга бизга ҳам ижозат беринг:

- ўзаро улушни 50/50 эмас, 49/49 тарзда шакллантиринг ва қолган 2 фоизни ҳар иккингиз сўзсиз ишонадиган бирор инсонга тақдим этинг. Айнан ўша киши сизларда юзага келиши мумкин бўлган баҳсли вазиятларда ҳакамлик қилади;

- бирор тажрибали ва ҳалол мутахассисни бошқарувчи сифатида ёлланг ва бу инсоннинг овози зиддиятли вазиятларда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлсин. Албатта, бу ягона тўғри ечим эмас (айниқса мураккаб вазиятларда эҳтирослар жунбушга келишини ҳисобга олсак). Лекин айнан одил инсон бизнесни бошқаришига эришинг;

- турли вазиятларда ҳакамлик қилиши мумкин бўлган битта ёки иккита тажрибали маслаҳатчи ёлланг (масалан молия масалалари ва/ёки бизнес бошқарув масалалари бўйича). Лекин бу маслаҳатчилар компания ходимлари бўлмаслиги керак;

- шеригингизнинг улушини сотиб олишни иложи бўлса шундай қилинг (шунда барча масалаларни ўзингиз ҳал қилаверасиз). Балки шерик ўз улушининг маълум қисмини олиб қолар, аммо асосий масалаларда сизга қаршилик қила олмайди.

Бундай вазиятга тушганлар ёки тушиши мумкин бўлганлар юқоридаги йўллардан бирини танлашлари яхши наф беради деб ўйлаймиз. Энди иш бошлаганлар эса албатта батафсил ёзилган муассислик шартномасини имзолашлари мақсадга мувофиқ.

Ўқиб чиққан бўлсангиз, керакли хулосалар чиқаринг.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 50/50 ёки бизнесдаги тенгшерикчилик: муваффақият калитими ёки режаларнинг барбод бўлиши?