«Эҳтиёт бўлинг: Орамизда сотқин бор!»

  • 12 октябрь 2019, 23:17
  • 4 492
  • Жамият
  • «Эҳтиёт бўлинг: Орамизда сотқин бор!»
    Ижтимоий тармоқни титкилаб ўтирсангиз ора-орада “Нархозда ўқийдиган Эшмат домласи пора олаётганда видеога олиб интернетга чиқариб юборибди, кейин бу материални интернетда тарқатганлиги сабаб қатъий огоҳлантирилибди”, “Тошмат ишхонасидаги адолатсизликни ёзган экан, мақоласи тақиқланган сайтларда чиқиб, ишдан ҳайдалиб кетибди” қабилидаги турли хабарларга кўзингиз тушади. Аниқ далилни инкор қилишади, камига эса бу шахсларни нотўғри ахборот тарқатувчи сифатида баҳолаб, “ҳайфсан”, огоҳлантириш, жарима каби “мукофотлар” билан “сийлашади”.

    Бирор таълим муассасаси ёки ташкилот ичидан қонунга зид ҳолат туширилган видео, аудио ёки расм кенг оммага “сиздириб” чиқарилса , кўп ҳолларда ўша ташкилот ёки муассасада катта эҳтимол билан телефонлар, ноутбуклар текширув комиссияси ўз ишини бошлаб юборади. Ҳеч ким тарқатилган материалдаги ҳолат устида бош қотирмайди. Ҳамманинг фикр-у хаёли ўша ярамас сотқинни топишда. Тарқатган одам адолатни хоҳлаганди. Энди уни сотқин ва хоинга чиқаришади.

    Жамиятимизда инсонлар онгини бошқариш учун айрим шахслар ҳақиқатни айтаётган одамлар томон "у тухматчи, у сотқин, у хоин" деб ёппасига ташвиқот қилиб, халқнинг ишончига кириб олишга ҳаракат қилишади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳақ ноҳақни ажратолмай аросатда қолган, "оломончилик" кайфиятидаги халқимиз ҳамон юқори лавозим эгаларини авлиё, уларнинг ҳар бир сўзини фавқулодда қонун деб ҳисоблашади.

    Тўғри, раҳбарнинг сўзи қонун бўлиши, буйруқлари бажарилиши шарт, лекин бу рағбар хато қилмайди, адашмайди дегани эмас."Қўрқоқ олдин мушт кўтаради" деганларидек, уларнинг кирдикорларини очган одамни “бу хоин Ватанни сотди” деб уйдирма қилишади.

    Танқиднинг муаллифини эмас, муаммонинг моҳиятини ўрганиш лозим!

    Аслида ижтимоий тармоқда тарқалаётган материаллар жамиятга тутилган кўзгудир. Кўзгуга қараб бироз мушоҳада юритишимиз, кўзгуга қарашдан эса чўчимаслигимиз керак.
    Аҳмад Бухорий

    Манба: Azon.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » «Эҳтиёт бўлинг: Орамизда сотқин бор!»