17:54 / 13.11.2019
4 005

Фарғонада фуқаро ва чегарачилар ўртасидаги можаро

Фарғонада фуқаро ва чегарачилар ўртасидаги можаро
2019 йил 12 ноябрь куни ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда видеолавҳа тарқалди, унда чегарачилар Фарғона вилоятининг Фарғона тумани Ҳосилот чегараолди аҳоли пунктида бир неча фуқарога нисбатан жисмоний куч ишлатгани тасвирланган.

ДХХ Чегара қўшинлари баёнотига кўра, 10 ноябрь куни соат тахминан 17:00лар атрофида Фарғона туманининг Ҳосилот чегараолди аҳоли пунктида, видеолавҳада кўрсатилган кўприк ёнида чегара наряди хизмат олиб борган. Унинг вазифалари орасида чегараолди ҳудудида, юқоридаги ҳолатда эса, кўрсатилган ҳудудда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини текшириш бўлган.

Шу вақтда фуқаролар У.С. ва А.Ф. ушбу ҳудудда «Нексия-2» русумли автомобилда ҳаракатланган. Улар наряднинг тўхташ ҳақидаги буйруғи талабларига эътибор бермай, чегараолди нарядига қараб ҳаракатланиш манёвридан фойдаланган ҳолда, юқори тезликда яширинганлар.

Орадан бир мунча вақт ўтгач, ушбу фуқаролар ортга қайтиб, чегарачилар ёнида тўхташган ва можаро келтириб чиқаришга уринишган, чегара нарядини ҳақорат қилишган ҳамда тўпланган маҳаллий аҳолини ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига эътибор бермасликка чақиришган. Шу тариқа, улар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 196-1-моддаси (Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларини бажармаслик ва уларнинг қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишди.

Шундан сўнг, фуқаролар У.С. ва А.Ф. «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддаси ва «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 44-моддаси талабларига мувофиқ жисмоний куч ишлатган ҳолда қўлга олинган.

Маълум бўлишича, ушбу фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек автоуловни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар йўқ бўлган.
Натижада, улар белгиланган тартибда расмийлаштириш учун ички ишлар органларига топширилди.

Қайд этилишича, фуқаро У.С. бундан олдин бир неча бор давлат чегараси режимини бузганлиги ва у орқали турли хил товар-моддий буюмларини ноқонуний равишда олиб ўтгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий прокуратура ходимлари билан биргаликда ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви олиб бормоқда.
Билдирилишича, чегара наряди ва фуқароларнинг ҳаракатлари бўйича қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарғонада фуқаро ва чегарачилар ўртасидаги можаро