date
views 3 215

Мусулмоннинг хулқидан яхшироқ амри маъруф бўлмаса керак ёхуд Анна Кобулова ҳақида

Мусулмоннинг хулқидан яхшироқ амри маъруф бўлмаса керак ёхуд Анна Кобулова ҳақида
2008-йиллар. Интернет форумларида турли дин вакиллари ўртасида баҳс-мунозара кучайган пайтлар. У пайтларда Фейсбук эмас, форумда баҳс юритиларди. Ўзбек миссионерлари бир томондан, православ ва протестанлар иккинчи томондан авжида эди. Баҳслар русийзабон форумларда қизигандан-қизиганди.
Форумдаги православ насронийлар орасида Анна Кобулова жуда машҳур эди. У ўзининг зукколиги, тиришқоқлиги, дунёқараши ва диний илми билан бошқалардан яққол ажралиб турарди. У насронийларнинг “фарзин”и эди. Чунки унча-мунча мусулмонларни қийнаб қўярди.
Одатда баҳсларда кучсиз томон доим кишининг шахсиятига ўтишга уринади. Мунозараларда ҳам насронийлар кўп ҳолларда мусулмонларни провокация қилади, “педофил”, “изврашенец”, “террорист” каби сўзлар билан масхаралайди. Баҳсда ютқизишни бошласа, шунчаки блок қилиб қўярди.
Бир куни шундай баҳслардан бирида бир мусулмон Анна Кобуловани мазах қилиб, сўкди.
Ўшанда Анна Кобулова мусулмонга танбеҳ берди: “Сен суннатга амал қилмаяпсан, пайғамбарингга муносиб иш қилмаяпсан”.
* * *
Бу ишлар кейин унутилиб кетди. 2013-йилларда Анна Кобулованинг аллақачон исломни қабул қилганини эшитдим. Бу ҳақда Анна шундай дейди:
“Интернетдаги форумларда қатнашишни бошлаганимдан кейин мусулмон танишларим кўпайиб қолди. Мен улар билан яқиндан суҳбатлаша бошладим, ўзаро ёзишдим, уларнинг кўпчилиги ҳозиргача яқин дўстларим. Албатта, улар мени турли йўллар билан исломнинг ҳақлигига ишонтиришга уринар эди. Далиллар келтиришар, мантиқий саволлар беришарди.
Аммо менга уларнинг далиллари билан бир қаторда тарбиялари ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Улар жуда очиқ кўнгилли, пок, холис инсонлар бўлиб, менга худди яқин дўстидек доимо яхши муносабатда бўлди. Менинг муаммоларимни эшитиб, доим дастак беришга ошиқишар, ҳеч бўлмаганда менга ҳамдард бўлишарди. Мени ҳайратлартиргани мусулмонларнинг кўпчилиги яхши инсон эканлиги эди.
Улар одатий таърифлардагидек қўпол, қаттиққўл, фақат ўзини ўйлайдиган кишиларга ўхшамасди. Албатта, қўрс одамлар ҳам кўп эди, аммо нисбатан уларнинг сони кам эди”.
* * *
Мусулмоннинг хулқидан яхшироқ амри маъруф йўқ бўлса керак, чамамда. Ижтимоий тармоқдаги баҳсларда мусулмонларнинг нафақат ғайридинларга, балки мусулмонларнинг ўзига ҳам қўрс, қўпол ва бетгачопарлигини кўриб, Анна Кобуловани эслайман.
Яна бир қанча кишиларни биламанки, ўзи мусулмон бўлмаса ҳам, мусулмонларнинг тарбияси туфайли исломдан янада узоқлашиб кетмоқда.
Анна Кобулованинг бахтига уни кўпроқ яхши мусулмонлар ўраган бўлса, ҳозирги диндан узоқларни қандай мусулмонлар ўраб турибди?..
Сиз қандай мусулмонсиз? Одамларни динга мойил қиладиганми ёки ундан узоқлаштирадиганми?..
Балки сизни орамиздаги Анна Кобуловалар қизиқтирмас, балки сиз майдалашмай Аброр акани ёки Мусанниф акани мот қилиш каби улкан вазифалар пайида, ёки дин ҳимоясига ўзингизни масъул қилиб, ўнлаб, балки юзлаб Анналарни ранжитиб, қўрс гапингиз, сўзингиз билан диндан узоқлаштириб юргандирсиз?..
* * *
Абаса сураси 1-4 оятлар:
Афтини буриштирди ва юз ўгирди. Кўзи кўр киши ҳузурига келганда. Қаердан биласан, эҳтимол, у покланар. Ёки насиҳат олар ва мавъиза унга манфаат берар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшнинг казо-казолари билан машғул бўлиб турганларида, бир кўр киши келиб, у зотга мурожаат қилганида, Пайғамбар алайҳиссалом юзларини буриштириб, юз ўгирадилар. Шунда Аллоҳ таоло у зотни огоҳлантиради: “Қаердан биласан, эҳтимол, у покланар. Ёки насиҳат олар ва мавъиза унга манфаат берар?!”
Анна Кобуловага қўпол гапирган мусулмон (мен уни танийман) кибрга кетгандир, ўзининг мусулмонлигидан ўзини Аллоҳга яқин хис қилгандир, балки жоҳиллик қилгандир, билмайман. Аммо у билмайдики, агар оятга ва суннатга амал қилганида, эҳтимол юзлаб Анналар покланарди.
* * *
Қуйида Анна Кобулованинг поклангандан кейинги биографиясини келтираман.
Анна 2009 йилда узоқ изланишлардан кейин исломни қабул қилади (мен уни кейин билдим). Кейин Дарул-Фикр сайти учун инглиз тилидаги мақолаларни таржима қилиб борди ва ўзи ҳам ислом ҳақида мақолалар ёзишни бошлади.

2010-2011 йилларда Москвадаги тарихий масжид қошидаги мадрасада таълим олди. Бир неча йил давомида тажвид, ақида ва фиқҳ билимларидан таълим олди.
2012-2014 йилларда араб тилини ўрганди.
2014-2016 йилларда татар тилини ўрганди.
2011-2013 йилларда Islam-today.ru сайтида муҳаррир бўлиб ишлади.
2013 йилдан Ан-Ниса (annisa-today.ru) лойиҳасида муаллиф, таржимон ва муҳаррир бўлиб ишлаб келмоқда.
ВКонтакте тармоғидаги «Женщина в Исламе» гуруҳининг администратори.
2015 йилдан бошлаб Азан.кз (Аzan.kz) сайти билан ҳамкорлик қилади. Таржима, таҳрир ва мақолалар ёзиш билан машғул.
2016 йилда Россия ислом институтининг ислом журналистикаси факультетига ўқишга киради.
* * *
“Қаердан биласан, эҳтимол, у покланар. Ёки насиҳат олар ва мавъиза унга манфаат берар”?!
* * *
Қизиғи, унга қўпол гапирган мусулмон (зоҳиран) ҳалигача ўзгаргани йўқ.
* * *
Нафақат ғайридинлар, мусулмонларнинг ўзига ҳам дин номидан қўрслик қилаётган “рижол”ларимизни кўрсам, қуйидаги оят эсимга тушади:
“Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида одамларнинг имон келтириб йиғилганига сабаб у зотнинг Абу Лаҳабни мазаҳ қилганлари, Абу Жаҳлни ланъатлаганлари, эртаю кеч Қурайшнинг казо-казоларини сўкканлари, хатокор мусулмонларга танбеҳ бериб, жойига ўтказиб қўйганлари эмас, балки мулойим бўлганлари эди. Буни Аллоҳнинг ўзи эътироф этмоқда.
Сиз-чи, оятга ва суннатга амал қиласизми?

Саид Комил

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мусулмоннинг хулқидан яхшироқ амри маъруф бўлмаса керак ёхуд Анна Кобулова ҳақида